21:00 / 01.03.2021
29577

«Обналчилар», маҳаллабай ишлаш ва минимал истеъмол харажатлари. Ҳафта иқтисодий хабарлари таҳлили

Молиячи Отабек Бакиров ҳамда Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев февралнинг сўнгги ҳафтасида кузатилган иқтисодий хабарлар таҳлилига тўхталиб ўтишди. Хусусан, кўрсатувда ДСҚ ва «обнал» можароси, маҳалла оралаб ишлаётган амалдорлар ва кутилаётган минимал истеъмол харажатлари ҳақида сўз юритилди.

Ўтган ҳафта Давлат солиқ қўмитаси ва «обналчилар» масаласи шубҳасиз кенг жамоатчилик эътиборида бўлди. Аввал қўмита шубҳали корхоналар рўйхатини эълон қилди, кейин улар билан шартнома тузган компания фаолияти текширилди. Оқибатда 10 минглаб тадбиркорлар «обналчилар» хизматидан фойдаланганликда айбланиб, тузилган шартномалар бекор қилинди, тўланмаган ҚҚС ундирилиши белгиланди.

Ушбу ҳолат юзасидан ДСҚ раиси Шерзод Кудбиев парламент қўмитаси эшитувида ҳам ахборот берди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев шундай фикр билдирди:

Дониёр Ғаниев

«ДСҚ раисининг позицияси – «энг яхши ҳимоя бу – ҳужум»  тарзида бўлмоқда. Яъни ўзлари амалга оширган ҳаракатларининг юз фоиз ҳақлиги бу ҳаммаси халқ манфаати нуқтайи назаридан қилинаётгани илгари сурилмоқда.

Шахсий қарашим шуки, «обналчи»  фирмалар билан курашиш – яширин иқтисодиётни қисқартиришда тўғри йўл. Фақат биздаги эътироз: ДСҚнинг мақсад сари қўяётган қадами белгиланган қонунчиликка зидлигидир. Давлатга белгиланган миқдорда ҚҚС тўланмаган бўлса, буни ундириш керак. Лекин масала бу солиқнинг қай тартибда ундирилишидадир. Яъни солиқ қўмитасининг позицияси 266-модда билан ёндашиб битим қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилгани юзасидан далиллар бўлса, солиқ органлари ҳисобга олинган солиққа ўзгартириш киритишга ҳаққи бор. Лекин қўмита Солиқ кодексининг 14-моддасида агар солиқ тўловчилар тузатишдан норози бўладиган бўлса, солиқ органи судга мурожаат қилиш керак ва бу ўзгартириш оқибатлари ижро этилиши керак, дейилганини унутяпти.

Эътирозимиз оқибатнинг ижро этилиши бўлмоқда. Aгар орган тақдим этган далилларда чалкашликлар бўлса ёки далиллар етишмаса, Солиқ кодексида белгиланган солиқ тўловчининг «айбсизлик презумпцияси»га кўра, иш солиқ тўловчи фойдасига ҳал бўлади. Депутатлар эътирози шуки, бир томоннинг ноқонуний ҳаракатини иккинчи томон ноқонуний жазолаши керак эмас».

Kun.uz’да эълон қилинган иқтисодчи Юлий Юсуповнинг мақоласида ҳам солиқчиларнинг ҳаракати қонунийлиги шубҳа остига олинган.

Молиячи Отабек Бакировнинг айтишича, мақсад қандай қўйилишидан қатъи назар, мақсадга етиш йўлидаги ҳамма процесслар қонун доирасида бўлиши керак.

Отабек Бакиров

«Бу ерда жуда катта саволлар пайдо бўлди. Иккинчидан, қонун нормалари барчага баравар қўлланиши керак. Йилнинг биринчи чорагида бюджетда даромадлардан кўра, харажатлар юқори. Чунки бюджетда барча харажатлар тенг тақсимланган. Шу нуқтайи назардан оперативликка зарурат бўлган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайман», – дея қайд этган у.

ДСҚ бюджет даромадлари барқарорлигига масъул ташкилот экани важидан, барча ҳаракатлар фавқулодда тезкор амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Шунингдек, айрим қонун талаблари бузилмоқда.

«Бизни карантин пайти қутқарган омиллардан бири олтин нархининг ошиб боргани ва бу бюджетни қўллагани бўлса, бу йил – 2021 йил бошидан бундай восита йўқ. Карантин давридан кейинги уйғониш ҳамма секторларда ҳам баравар юз бераётгани йўқ ва бизнес ўз оғирлигини сезмоқда.

Мақсад ҚҚСни бюджетга қайтариш бўлса, бунинг оқибати қанчалик натижа келтиради, миллиардлик маблағнинг иқтисодиётдан бирданига олиниши иқтисодиётга бир миллиарддан камроқ ёки кўпроқ зиён келтириши ҳақида ўйлаш керак эди. ҚҚС истеъмол товарлари орқали истеъмолчиларга ва нарх-навога бориб тақалади. Бизда занжирлар узун эмаслиги туфайли ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда солиқнинг экстра юкларини истеъмолчи ҳисобидан чиқариб юборади. Биз инфляцияни бир хонали рақамга туширишимиз керак эди. Бу ҳар бир омилни эътиборга олишни тақозо этади», – дея фикр билдирди Бакиров.

Ушбу масала бир марталик акция каби йўқ бўлиб кетадими ё кураш жиддий кечадими? Бакировга кўра, жуда кўп масалаларда сиёсий ирода асосий масалага айланган.

«Aгарда солиқ қўмитасининг ҳозирги менежменти биз кутаётган сиёсий ирода даражасида қўллаб-қувватлов бўлса, буни амалга ошириш мумкин, жамиятда ҳали бундай қўллаб-қувватлов йўқ», – дейди у.  

Депутатнинг фикрича, бу масала нега энди бугун юзага чиқмоқда каби саволнинг жавоби қуйидагича: бу муаммо раҳбарларнинг эътиборига энди етиб келди. Тадбиркорларга тўлаган ҚҚСни қайтариб олиш ўтган йилдан кучга кирди ва кўряптики, тушган солиқ ва қайтариб олинган солиқ 915 млрд сўм фарқ қиляпти. Шунда қизил чироқ ёна бошлади. Солиқ қўмитаси «обналчилар»  билан охиригача курашади, аммо кураш сабабдан кўра оқибатга йўналтирилади.

«Aгар ДСҚ обналчилар билан ишлаган тадбиркорнинг ортидан қувиб юраверса, катта эҳтимол билан обналчилар алтернатив йўл топишади. Бу обналчилар ҳозирги хатодан хулоса чиқариб бошқа алтернатив топиб давом этаверади. Бу курашда сабабларга қарши курашилмагунча ресурс сарф қилинаверади», – дейди Ғаниев.

Ушбу суҳбат давомида маҳаллабай ишлаш тизими ва кутилаётган минимал истеъмол харажатлари амалиётининг жорий этилиши ҳақида мулоҳазалар билдирилган.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.

Мавзу
«Обнал» можароси
Давлат солиқ қўмитаси нақдлаштирувчи фирмалар билан кураш бошлаб, 2021 йил феврал ойида 10 мингга яқин тадбиркорлик субъекти зиммасига 1 триллион сўм ҚҚС суммасини юклади.
Барчаси
Top