Ўзбекистон | 00:32 / 01.03.2021
7075
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳомийлигида Тожикистонда “ковид”-шифохона қуриб битказилди

Тожикистон жанубида жойлашган Кубодиён туманида Ўзбекистон ҳомийлигида янги тиббий мажмуа қурилиши ўз поёнига етди. Эътиборлиси, мажмуа таркибида коронавирусга чалинганлар учун қабул қилгич-тақсимлагич мавжуд. 

Фото: dialog.tj

Тожикистон ҳукуматида маълум қилинишича, мажмуа Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган маблағ ҳисобига қурилган. Мажмуа қурилишининг бош ҳомийси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳисобланади.

Тиббий мажмуа қулай мебел жиҳозлари ва юқори технологик қурилмалар билан жиҳозланган. Тез орада мажмуа илк беморларни қабул қилишни бошлайди.

Мажмуанинг ўзига хос жиҳати унда коронавирусга чалинганлар учун корпус мавжудлиги ҳисобланади. Бу ерда коронавирусга чалинганлар кўрикдан ўтказилиб, сўнгра бошқа тиббий муассасаларга даволанишга жўнатилади.

Ушбу мажмуанинг Тожикистонда муқобили йўқ бўлиб, унинг қурилиши Тожикистон илтимоси билан амалга оширилган. Коронавирусга чалинганлар учун корпус қуришга эҳтиёж мамлакатда нобарқарор эпидемиологик вазият сабабли юзага келган.

Шифохонада ўрнатилган замонавий қурилмалар қисқа вақт ичида коронавирус борлигини аниқлашга, сўнгра беморларни бошқа тиббиёт муассасаларига даволаниш учун юборишга имкон беради.

Кубодиён туманида тиббий мажмуа қуриш қарори Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Душанбега сафари давомида қабул қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳомийлигида Сўғд вилоятининг Спитамен туманида 630 ўқувчига мўлжалланган мактаб қад ростлади. Мактаб 2020 йил сентябрда фойдаланишга топширилган.

Ўз навбатида, Тожикистон Самарқандда мактаб қуриш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Мавзуга оид