Жаҳон | 23:30 / 02.03.2021
2234
1 дақиқада ўқилади

COVAX ёз фаслигача 142 мамлакатга қарийб 240 млн доза вакцина тарқатади

Май охирига қадар 237 миллион доза AstraZeneca ва 1,2 миллион доза Pfizer-BioNTech вакцинасини етказиб бериш режалаштирилган.

Фото: Reuters

Май охирига қадар COVAX дастури бўйича 142 мамлакатга 237 миллион доза AstraZeneca вакцинасини етказиб беради. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Етказиб бериш муддати турли омиллар, жумладан, мувофиқлаштирувчи органларнинг талаблари, тасдиқланган миллий эмлаш режаларига боғлиқ бўлади.

Қўшимча қилинишича, йилнинг биринчи чорагида 1,2 миллион доза Pfizer-BioNTech вакцинасини ҳам етказиб бериш режалаштирилган.

COVAX’нинг вазифаси 2021 йил охиригача ЖССТ томонидан тасдиқланган 2 миллиард доза хавфсиз ва самарали вакцинани тақсимлашдан иборат. Вакциналар барча қатнашчи давлатлар ўртасида уларнинг аҳоли сонига мутаносиб ҳолда тенг тақсимланади.

Ўтган ҳафтада Гана COVAX дастури бўйича вакцина олган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди.

2 март куни эса Анголага ушбу дастур доирасида 600 минг дозадан ортиқ коронавирусга қарши вакцина етказиб берилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид