Етишмаётган ётоқхоналар, уни ажратишдаги коррупция ва ўқишни кўчириш қийинчиликлари — Олий таълим вазири билан суҳбат
2 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларни турар жой билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот берди.
Kun.uz мухбири тадбир якунида вазир Абдуқодир Тошқулов билан ётоқхона муаммолари, номли стипендиялар саралашидаги коррупцион ҳолатлар, қўшни давлатлардан ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда қийналаётган талабалар ва бошқа масалалар бўйича қисқа суҳбат уюштирди.
— Бугун парламентнинг «Ҳукумат соати» доирасида талабаларга ётоқхоналарнинг етишмаслиги масаласида ҳисоб бердингиз. Ҳақиқатда охирги вақтларда бу муаммо жуда аянчли мисоллар билан ўз бўй-бастини кўрсатяпти. Бугун ҳам айнан шу муаммо натижасида бир талабанинг вафоти ҳақида эшитдик. Бир неча кун аввал ҳам эшитгандик. Айтинг-чи, ётоқхоналар қуриш ишларини тўлиқ бозор қоидалари асосида хусусий тадбиркорларга топширишга нима тўсиқ бўляпти?
— Дунё амалиётига эътибор берсак, ривожланган ОТМлар ҳам талабаларни тўлиқ ётоқхона билан таъминлай олмайди. Уларда бу соҳага тадбиркорлар жалб қилинган, ижара тизими ишлайди. Фақат тизимли ишлайди.
Талабалар турар жойларини қуришни тадбиркорларга топширишда эса муаммо йўқ, лекин шу талабалар турар жойлари қураман деб, ижтимоий мажбуриятни зиммасига оладиган тадбиркорлар кўп эмас.
Сабаби, уларга бунинг фойдаси кам. Талабалар катта пул тўлай оладими? Ўзи талаба-ку улар, ётоқхонага ҳам кам пул тўлайди-да. Ҳисоб-китобларимизга кўра, тадбиркорнинг ётоқхона қуриб, ўз харажатларини қоплаши учун 15 йилдан 18 йилгача вақт керак бўлади.
Иккинчи масала, ҳозир тадбиркорларимиз бир соҳага маблағ тикдими, қисқа фурсатда фойда кўришни ўйлайди. Чунки уларда ҳам асосий фаолият кредит ҳисобига бўлади.
Куни кеча шу масалаларга бағишланган фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Олий таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ўзаро қўшма қарор имзолади.
Бунда барча Олий таълим муассасалари маъмуриятида талабаларга турар жой топиб бериш бўйича бўлимлар ишлайдиган бўляпти. Шундай платформа яратилади. Лекин бу талабалар учун ётоқхона қурилмайди дегани эмас. Талабаларга ётоқхоналар қуриш учун давлат томонидан субсидиялар ажратилиши ҳам кўзда тутилган. Аммо талабалар сонининг ошиб бориши шароитида бу ҳам муаммони тўлиқ ҳал қилмайди. Шу сабабли ОТМларда талабаларга турар жой топиб бериш бўйича бўлим очилади ва назорат йўлга қўйилади.
Бу назорат талабанинг уйини бориб текшириш эмас, балки талаба турган жойдаги шароитини ўрганиш бўлади.
Мен талабалар ётоқ-жойлари таъминотини ота-оналар ҳам назорат қилиши кераклигига урғу бермоқчиман.
Биз эндиликда ҳам ота-она масъулияти, ҳам таълим муассасалари масъулияти бўйича назоратни оширамиз. Лекин бу кампаниябозлик билан бўлмайди, бу таълимдан ташқари тарбия функцияси.
Биласизми, талабалар турар жойлари бўлишининг энг катта фойдаси нимада? У ерда талабалар назоратда бўлади. Шунингдек, талаба спорт майдончасидан фойдаланади, маданият саройи, ахборот-ресурс марказидан фойдаланади. Ижарада турган талабага эса ўзини ривожлантириш бўйича билим-кўникмани бермасак, унда бўш вақтини кераксиз нарсаларга ўғирлатиб қўйиш хавфи бор.
Мен дастлабки фаолиятимни мана шу муаммо: талабалар турар жойида шароит ва ижарада турганлар билан ишлашдан бошладим.
— Ўтган йили қўшни давлатларда ўқиётган талабаларнинг ўқишини Ўзбекистонга имтиҳонсиз кўчиришга имконият яратилганди. Аммо бугунга келиб маълум бўляптики, барча қонуний асосларга эга бўла туриб, ўқишини кўчиролмай қолган ёшлар кўпчиликни ташкил қилади.
Хўш, нега бу каби муаммолар юзага келди? Вазирлик уларнинг муаммоларини қандай ҳал қилади?
— Хабарим бор. Қўшни давлатлардан ўқишини кўчириб келганларнинг 6 фоизи барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса-да, ОТМга қабул қилинмаслик ҳолатига дуч келган.
Яъни бу вазиятда айрим талабаларнинг иши фуқаролик паспортида четга чиқиб келганлик тўғрисида муҳр йўқлиги, айримларида ҳужжатларни қалбакилаштириш важи билан ортга сурилган.
Биз эндиликда бу ишларни тезлаштириш имконига эгамиз. Хабарингиз бор, вазирликнинг «Вазирга мурожаат» телеграм боти ишга тушган. Шу каби муаммоларга дуч келган ёшлар бот орқали менга мурожаат қилишлари мумкин. Бу мурожаатларни шахсан ўзим кўриб чиқаман.
Лекин бу вазиятда одамларга нотўғри маълумот берувчилар ҳам борки, улар яна ўқишни кўчириш имконияти бўлади деган хабарларни тарқатяпти. Шунинг ортидан пул ишлашга интиляпти. Йўқ, бу бир марталик масала эди. Энди ўқишни кўчириш масаласи фақат белгиланган тартибда, август ойида тест орқали бўлади. Биз ҳозир ўша тизимни ривожлантириш, шунингдек, бу имтиҳонларни вазирлик орқали эмас, ДТМ орқали ташкил этиш бўйича чоралар кўряпмиз.
— Академик лицейлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қарор қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда олий таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича проректорлари (филиал директори ўринбосари) бир вақтнинг ўзида академик лицей директори ҳам ҳисобланади.
Аммо бу проректорларда жуда кўп муаммоларни туғдиряпти. Қисқа қилиб айтганда, бу масофа, ортиқча юклама ва қўшимча маблағ каби муаммолар. Хўш, бу масала қайта кўриб чиқиладими?
— Бу масала кўриб чиқилди. Эндиликда лицейларда аввал директор лавозимларида ишлаганлар ижрочи директор лавозимида фаолиятини давом эттирадиган бўляпти. Ҳақиқатдан ҳам, проректорларнинг иши кўп. Масалан, СамДУ проректори 28минг талабанинг ўқув жараёнини мувофиқлаштиради. У бундан ортиб, лицей ишини ҳам мувофиқлаштириши керак. Эндиликда улар лицейларга тўғридан тўғри директор эмас, ўз жойида ишлаган ҳолда, ижрочи директорларга ёрдам қилади. Лицейни ижрочи директор бошқараверади.
— Айрим ОТМларда ТТЖга масъул шахслар (проректор, декан, декан ўринбосари, комендант) ўз танишини ёки пора эвазига ётоқхонага унчалик эҳтиёжи бўлмаган талабаларни ётоқхонага жойлаштиради. Бунинг оқибатида ётоқхонага ҳақиқатда эҳтиёжи бор талаба кўчада қолади. Нима дейсиз, бу борада жиддий текширувлар бошлаш вақти келмадимикин?
— Бу энг аянчли ҳолат. Нафақат бу, мен ОТМлардаги баъзи нарсаларга ҳайрон қоламан. Масалан, вазир лавозимига киришганимдан кейин менга давлат стипендиатларини саралашдаги адолатсизликлар бўйича мурожаат бўлди.
Биз уларга чораларни кўриб бошладик. Дейлик, бирор проректорнинг фарзанди ёки маънавият бўлим бошлиғининг фарзанди иқтидорли бўлиши мумкин, лекин битта ОТМдаги иккита давлат мукофотининг бирини проректорнинг, бирини эса маънавият бўлими бошлиғининг фарзанди олиши эриш туюлади.
— Ростини айтсам, бакалавр босқичида ўқиганимда шу ҳолатга мен ҳам тушганман. Проректоримиз номли стипендия учун тайёрлаган ҳужжатларимдан камчилик топиб, мени жараёнлардан четлаштирган. Кўп югурдим, лекин фойдаси бўлмади. Охир- оқибатда ўша стипендияни унинг қизи олиб, магистратурага имтиҳонсиз кирганди.
— Кўряпсизми, бор бундай ҳолатлар. Биз эндиликда стипендиатларни саралаш тартибларини ҳам ўзгартирамиз. Яъни ғолибларни талабаларнинг ўзи овоз бериш йўли билан аниқлаши мумкин бўлади, бироқ уни ҳам такомиллаштириш керак. Энг ёмони, қайси соҳага ўзгартириш киритмоқчи бўлсангиз, коррупциянинг инновацион йўналишини ўйлаб топувчилар чиқар экан.
«Йил талабаси» кўрик танловида ҳам адолатсизлик бўлгани юзасидан менга мурожаат бўлди, Эшитиб ҳайрон қолдим. Бу бўйича прокуратурага ўзим хат қилиб бердим.
Тўғриси, ҳар бир раҳбар ўзи бошқараётган жойнинг маънавий муҳитига жавобгар. Хўш, ректорнинг ўзи шу муҳитнинг ичига кириб ишлаяптими? Ҳамма ректорларни ёмон ишлаяпти, дейишдан йироқман, бироқ уларнинг орасида ишни қўлга олмасдан, проректорга юклаб қўйганлар ҳам бор.
Қаранг, шу кунларда қандай аянчли воқеалар юз берди: ўн гулидан бир гули очилмаган талабалар… Ҳозир уларнинг уйидаги вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.
Шунинг учун ҳам энди бу тизимда тиним бўлмайди. Олий таълимда тараққиёт ва кутилган кескин ўзгаришлар бўлади.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
11:43 / 20.11.2024
2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади
15:13 / 18.11.2024
Ўзбекистон ва Қозоғистон таълимда қўшма дастурларни амалга оширишни муҳокама қиляпти
20:17 / 05.11.2024