Ўзбекистон | 19:40 / 05.03.2021
19592
3 дақиқада ўқилади

Божхоначилар фуқарони бир ярим йил сарсон қилишди. Айбдор ходимлар жазоланадими?

Енгилган курашга тўймас, деганларидек Божхона қўмитаси ўзи ноҳақ эканлигини билиб турса-да қарийб бир ярим йил давомида тадбиркорни судма-суд сарсон қилиб, хориждан олиб келинган юк машинасини бермай келди. Ниҳоят, Олий суд қуйи инстанция судлари қарорларини маъқуллаб, фуқаро фойдасига сўнгги нуқтани қўйди.

Фото: norma.uz

2020 йил 8 октябр куни сайтимизда “Божхоначиларга суд қарорлари мажбурий эмасми? Тадбиркор 1 йилдан бери сарсон” номли мақола эълон қилиниб, унда тадбиркорлик қилиш мақсадида имтиёздан фойдаланмоқчи бўлиб, четдан юк машинаси олиб келган фуқаро орадан бир йил ўтса ҳам, ундан фойдалана олмаётгани – тадбиркор фойдасига суд қарорлари чиққан бўлишига қарамай, божхоначилар томонидан ижро этилмай келинаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Ушбу мақола эълон қилингач, Давлат божхона қўмитаси муносабат билдириб, Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 12 майдаги ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш бўйича Фарғона шаҳар маъмурий судининг 19 сентябрь кунги ажрими устидан апелляция шикояти берилганини маълум қилди. Ажримда Фарғона вилояти божхона бошқармаси зиммасига ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган транспорт воситасини президент фармонига асосан имтиёзли асосда расмийлаштириш лозимлиги тушунтирилган эди.

Апелляция инстанциясининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ушбу ажрими ўзгаришсиз қолдирилади.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари эса чиқмаган жондан умид, дея охирги марта уриниб кўришди. Яъни, тадбиркор О.Эргашев фойдасига чиқарилган Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 16 июндаги қарорини бекор қилдириш мақсадида Олий судга кассация тартибида шикоят киритилади.

Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати (З.Курбонова, М.Абабакиров ва И.Алимов) ишни кўриб чиқиб, 2021 йил 24 февраль куни чиқарган қарори билан қуйи инстанцияларда чиқарилган суд қарорларини ўз кучида қолдирди ва божхоначиларнинг сўнгги умидини йўққа чиқарди.

Шундай қилиб, Фарғона вилояти божхона бошқармасининг тадбиркорга юк машинасини қайтариб беришдан бошқа иложи қолмади.

“Қонуний ҳуқуқимдан фойдаланолмай бир ярим йил судма-суд сарсон бўлдим. Божхоначилар “фура”мни ўша заҳотиёқ имтиёзли тарзда расмийлаштириб берганида, шу бир ярим йил ичида анчагина даромад кўрган бўлардим” – дейди тадбиркор Отабек Эргашев.

Маълумот учун: Олий суд қароридан сўнг фуқаро шу йилнинг 26 феврал санасида VOLVO FH 13 440 42 Т русумли юк автомашинасини ҳамда KOGEL S24 русумли яримтиркамани қабул қилиб олган ва фойдаланишни бошлаган.

Хўш, божхоначиларнинг тадбиркорни бир ярим йил сарсон қилганидан ким манфаат кўрди? Бу вақт давомида бой берилган фойданинг ўрнини ким қоплайди? Фуқарони хеч бир асоссиз овораи-сарсон қилган божхона хизмати ходимларига қандай чора кўрилади?

Шу каби саволларга Божхона қўмитасидан изоҳ кутиб қоламиз.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид