Ўзбекистон | 17:25 / 10.03.2021
11622
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган» - Дин ишлари бўйича қўмита Ҳаж мавсуми билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда 2021 йилги Ҳаж мавсумининг ташкил этилиши билан боғлиқ турли хабарлар тарқалмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита мазкур масала юзасидан баёнот берди.

Фото: AFP / Getty Images

Қайд этилишича, Дин ишлари бўйича қўмита Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатган. 

Ижтимоий тармоқларда “Муқаддас Ҳаж сафарига расман рухсат берилди. Фақатгина ҳаж сафарига бормоқчи бўлганлар коронавирусга вакцина қабул қилган бўлишлари шарт” ва бошқа шу каби сарлавҳалар остида тарқатилаётган хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмаслиги айтилади.

Билдирилишича, бу каби хабарлар тарқалиши ва турлича талқин қилиниши Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирининг “Ҳаж мавсуми зиёратчиларини қабул қилишнинг асосий шарти – COVID-19'га қарши эмлангани бўлади”, мазмунидаги интервьюсига асосланган.

Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмагани қайд этилди.

“Ҳурматли юртдошлар! Ҳаж ва умра зиёратлари билан боғлиқ асосли маълумотлар Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали эълон қилинади. Шу ўринда, юртдошларимиздан юқоридаги каби асоссиз ва чалғитувчи хабарларга ишонмасликларини сўраб қоламиз”, дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Саудия Арабистони жорий йилдаги ҳаж зиёратининг асосий шартини маълум қилганди.

Мавзуга оид