Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳоланд рекорд ортидан рекорд қўймоқда. У бир кечада Месси, Роналду, Мбаппе ва Сульшерни ортда қолдирди
«Боруссия» 4 йил ичида илк марта Чемпионлар лигаси чорак финалига чиқди. Дортмундларни бу босқичга Эрлинг Ҳоланд олиб чиқди, у «Севилья»га қарши жавоб ўйинида ҳам иккита гол урди.
«Севилья»га қарши жавоб ўйини кутилганидан қизиқарлироқ кечди.
Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
«Боруссия» Д (Германия) — «Севилья» (Испания) — 2:2 (1:0)
Голлар: Ҳоланд, 35 (1:0). Ҳоланд, 54 — пенальти (2:0). Ан-Носирий, 68 — пенальти (2:1). Ан-Носирий, 90+6 (2:2).
«Боруссия»: Ҳитц, Ҳуммелс, Шулц (Загаду, 89), Морей (Менье, 90+5), Ройс, Дилэйни, Эмре Жан, Азар (Пасслак, 67), Даҳуд, Беллингем, Ҳоланд.
«Севилья»: Буну, Хесус Навас, Акунья, Кунде, Диегу Карлос, Фернанду Режес (Ракитич, 86), Жоан Жордан (А.Д.Гомес, 60), Оскар Родригес (Оливер Торрес, 79), Сусо (Ал-Ҳаддодий, 86), Окампос (де Йонг, 60), Ан-Носирий.
Огоҳлантиришлар: Морей, 20. Акунья, 40. Кунде, 51. Хоан Жордан, 55. Ҳоланд, 55. Эмре Жан, 67. Оскар Родригес, 71. Фернанду Режес, 76. Диегу Карлос, 78.
Ҳакам: Жунайд Чақир (Туркия).
9 март. Дортмунд. «Сигнал Идуна Парк» стадиони.
Биринчи ўйин — 3:2.
«Боруссия» ЕЧЛ 1/8 финалида икки ўйин натижасига кўра «Севилья»ни ортда қолдирди (3:2, 2:2). Бу ўйинларда энг эсда қоларли эпизод Ҳоланднинг иккинчи голи урилган вазият бўлди. Ўйиннинг 48-дақиқасида ҳужумчи ўткир бурчакдан меҳмонлар дарвозасини ишғол қилди ва ҳакам Жунайд Чақир голни инобатга олди - таблода 2:0 ҳисоби порлади.
Шундан сўнг, ақлдан оздирар беш дақиқалик бошланди. Арбитр видеотакрорни кўришга йўл олди ва гол бекор қилинди - ҳужумчи тўп учун курашда испанлар ҳимоячисига фол ишлатгани қайд этилди.

Шу билан бирга, ҳакам видеотакрорда ундан олдинги эпизодда Кунде Ҳоланднинг футболкасидан тортиб ушлаб қолишга ҳаракат қилганини кўриб қолди ва пенальти белгилади.

Таблодаги ҳисоб 1:0 кўринишига ўзгарди ва Ҳоланд пенальти тепиш учун йўл олди. «Севилья» дарвозабони Яссин Буну унинг зарбасини қайтарди, ундан кейинги икки зарбани ҳам. Ўйин яна 20 секунд давом этди. Бу вақт ичида «Севилья» футболчилари қарши ҳужумга чиқиб, рақиб жарима майдонига етиб боришганди. Аммо ҳакам яна VAR’га юзланди - «Боруссия»га пенальтини қайта тепиш имкони берилди, чунки Буну зарба берилишидан олдин икки оёғи билан дарвоза чизиғидан олдинга чиқиб кетганди.

Ҳоланд яна «нуқта»га яқинлашди ва яна ўша бурчак томон тепди. Бу сафар ҳам дарвозабон тўп йўналишини топди, аммо тўп барибир дарвоза тўриндан жой олди. Ҳужумчи ҳиссиётга берилиб, дарвозабонни калака қилиш учун борди.
«У биринчи пенальтидан кейин менга нимадир деб бақирганди. Мен ўшанда иккинчи имконият бўлсайди дегандим. Билмадим, бу нимани англатади, гол урганимда мен ҳам унга ўхшаб бақирдим», – деди Эрлинг бу вазият ҳақида ўйиндан кейин.

«Севилья» футболчиларига бу ёқмади ва унга ташланишди, ўртага мезбон футболчилари ҳам тушди - якунда Жордан ва Ҳоландга сариқ карточка кўрсатилди.

«Боруссия» кейин икки гол ўтказиб юборди, «Севилья» овертаймга яқин эди, сўнгги дақиқаларда мезбонлар жарима майдонига қамаб қўйилди, аммо якунда икки ўйин натижасига кўра 5:4 ҳисобидаги устунлик билан дортмундликлар кейинги босқичга йўл оладиган бўлишди.
Чемпионлар лигаси норвегиялик ёш футболчининг севимли турнирига айланиб бормоқда:
Ҳоландда ЕЧЛдаги сўнгги 6 ўйинида 10 гол уришга эришди. У турнирда олти ўйинда кетма-кет урган энг ёш футболчига айланди.
Эрлинг шу йил 21 июлда 21 ёшга чиқади. Норвегиялик форвард Мбаппени ортда қолдирди, топ-3 қуйидагича кўриниш олган:
- Ҳоланд (20 ёшу 231 кун)
- Мбаппе (21 ёшу 355 кун)
- Месси (22 ёшу 266 кун)
У 20 ёшида асосий еврокубокда урган голлари сони бўйича Роналдиньо, Зидан, Тотти, Адриано, Тевес, Фалькао, Лукаку ва бошқа кўплаб юлдуз футболчилардан олдинда.
Ҳоланд ЕЧЛдаги жами голлари сонини 20тага етказган - бу натижага эришиш учун унга 14 ўйин етарли бўлган. Бу турнирнинг янги рекорди: аввалги рекордчи Ҳарри Кейн 20 голлик нуқтага 24 ўйинда эришганди, Лео Месси 20-голини 40-ўйинида, Криштиану Роналду эса – 56-ўйинида урганди.
- Ҳоланд (14 ўйин)
- Кейн (24 ўйин)
- Дель Пьеро (26 ўйин).
Шунингдек, Эрлинг турнир тарихидаги энг яхши норвегиялик футболчилар рўйхатида Оле-Гуннар Сульшерни ортда қолдирди. Ҳоланднинг «Мольде»даги собиқ мураббийи 77 ўйинда 19 гол уришга эришганди.
Ҳозирда Ҳоланднинг турнирда урган голлари сони Кейн, Торрес, Бэйл, Фабрегас, Ромарио, Анелька каби футболчиларники билан тенг. Бу рўйхатда ўртача самарадорлик бўйича энг паст натижа Сескники (0,19), бу унинг позицияси билан изоҳланади.
- Торрес – 0,25
- Анелька – 0,29
- Бэйл – 0,31
- Ромарио – 0,63
- Кейн – 0,83.
Ҳоландда – 1,43. Бир ўйинда деярли ўртача бир ярим гол!
«Эрлинг билан ўйнаш – бир имтиёз. Мен унинг кучли томонларини санашимга ҳожат йўқ, аммо унинг менталитети ҳақида айтмасам бўлмайди. У ёш ва ғалабаларга чанқоқ, унинг ҳаёт йўлида муваффақиятсизликлар жуда кам. Эҳтимол, у шунинг учун ҳамиша позитив руҳда ва дунёни забт этишига ишонади. Бу жуда илҳомбахш», – деди чорак финалга чиқилгач «Боруссия» ҳавбеки Томас Дилэйни.
Ҳоланднинг «Дортмунд» билан шартномаси 2024 йил ёзига қадар амалда бўлади, аммо клубда у шунча вақт қолишига ҳеч кимнинг кўзи етмайди. Норвегиялик вундеркинд учун «Реал», «Сити», «Челси», «МЮ», «Ливерпуль», «Бавария» ва «Барселона» каби Европа грандлари навбатда туришибди.
Лео ва Криштиану давридан кейин ҳам футбол олами суперюлдузларга зориқиб қолмаслиги аниқ.
Мавзуга оид
12:21 / 17.06.2026
ЖЧда 6-кун. Месси ва Мбаппеда рекордлар, корейслар базасида можаро, немислар базасида илон
23:06 / 09.12.2025
Ҳоланд дунёнинг энг қиммат футболчилари рўйхатида Ямалга етиб олди
15:36 / 03.11.2025
Ҳоланд «Сити»ни иккинчи ўринга олиб чиқди, Ямал яна гол уришни бошлади
11:32 / 12.10.2025