21:58 / 11.03.2021
4304

Исроил бош вазирининг БААга сафари тўртинчи марта қолдирилди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 11 мартга БААга белгиланган сафарини қолдирди. Исроил радиостанцияси бунга Иордания Нетаняҳунинг самолётига ўз ҳудудидан учиб ўтишни маъқулламаганини сабаб қилиб кўрсатди.  

Фото: Reuters

Аввалроқ The Times of Israel нашри Исроил бош вазири ўз рафиқаси Сара Нетаняҳу кўричак хуружига гумон билан 11 мартга ўтар кечаси шифохонага ётқизилгани сабабли сафарни кейинроққа кўчирганини маълум қилган.  

Бунгача Нетаняҳунинг БААга сафари Исроилдаги карантин чекловлари сабабли 3 марта қолдирилганди.

Бироқ Исроилнинг КАН радиостанциясининг хабар беришича, Исроил бош вазири БААга сафарини Иордания авиация идоралари билан ўз самолётининг йўналиши бўйича келишмагани сабабли бекор қилган.  

“Иордания ўз ҳудуди узра бош вазир парвози йўналишини маъқулламади”, деб маълум қилинган вазиятдан хабардор манбаларга таяниб радиостанцияда.

Таъкидланишича, Нетаняҳунинг ушбу сафари унинг Форс кўрфази давлатларига биринчи сафари бўлиши кутилганди.

2020 йил сентябрда Исроил АҚШ воситачилигида БАА ва Баҳрайн билан муносабатларнинг яхшиланиши ҳақидаги келишувни имзолаганди. Бунгача Исроил араб давлатларидан фақатгина Миср ва Иордания билан дипломатик алоқаларга эга бўлган.

Top