10:15 / 11.03.2021
3378

Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби белгиланди

Президент фармони билан Ўзбекистон фуқаролиги масалаларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Адлия вазирлиги хабарига кўра, низом билан Ўзбекистон фуқаролиги масалалари юзасидан илтимоснома ва аризалар: 

Ўзбекистон ҳудудида яшаб турган шахс томонидан – доимий яшаш жойидаги ички ишлар органига;

Ўзбекистондан ташқарида яшовчи шахс томонидан – Ўзбекистон консуллик муассасаси, шунингдек Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси консуллик бўлимига топширилади. 

Ота-онаси ёки улардан бирининг фуқаролиги ўзгарганда улар илтимосномасига кўра, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган бола фуқаролиги фақат унинг ёзма розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.  

18 ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин.  

Илтимоснома 3 иш кунида ўрганиб чиқилади. Маълумотлар 3 иш кунида “E-Fuqaro” идоралараро маълумотлар базасига киритилиб, материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоят ички ишлар бошқармаларига юборилади. 

“E-Fuqaro” ИМБда текширувдан ўтиб, якунланган талабномага мувофиқ текширув варақаси чоп этилади. Материаллар ва текширув варақаси асосида 1 ойлик муддатда хулоса тайёрланиб, ички ишлар вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири томонидан тасдиқланади ҳамда умумлаштирилган ахборот-маълумотнома билан бирга кўриб чиқиш учун президент ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссияга юборилади.

Низом билан Ўзбекистон фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш тартиблари ҳам белгиланди.  

Top