Жаҳон | 20:39 / 11.03.2021
16025
6 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Уильям қироллик оиласидаги ирқчилик бўйича айбловга жавоб қайтарди

Кембриж герцоги бўлган шаҳзода Уильям ўз укаси, Сассекс герцоги Ҳарри ва унинг рафиқаси америкалик тележурналист Опра Уинфрига берган интервьюсида Буюк Британия қироллик хонадонидаги ирқчилик тўғрисида билдирган айбловларидан ҳимоя қилди.

Фото: Reuters

Шаҳзода Уильям 11 март куни ўз турмуш ўртоғи, Кембриж герцогиняси Кейт Миддлтон билан бирга Лондон шарқидаги Стратфорддаги мактабга ташриф буюрди. Мактабдан чиқаётганида журналистлардан бири шаҳзода Уильямдан қироллик оиласидаги ирқчилик ҳақида сўради.

«Биз умуман ирқчи оила эмасмиз», деган герцог.

Опра Уинфрига берилган интервьюдан кейин шаҳзода билан гаплашган-гаплашмагани ҳақидаги саволга жавобан шаҳзода Уильям шундай деган: «Йўқ, мен ҳали у билан гаплашмадим, аммо биз гаплашиб оламиз».

Сассекс герцоги ва герцогинясининг Опра Уинфрига берган интервьюси давомида Меган Маркл қироллик оиласи аъзолари ўғли Арчи туғилганида унинг териси ранги қанчалик қора бўлишини муҳокама қилишгани ҳақида гапирганди. Шаҳзода Ҳарри шундай гап бўлиб ўтганини тасдиқлаган, аммо оиланинг айнан қайси аъзолари бу ҳақда гаплашганига аниқлик киритмаганди. Эфирдан сўнг саволларга жавоб берар экан, Опра Уинфри бу масалага қиролича Елизавета II ҳам, унинг турмуш ўртоғи, Эдинбург герцоги Филипп ҳам алоқадор эмаслигини айтганди.

Интервьюдаги айнан ирқчилик бўйича айблов Британияда ва бутун дунёда катта шов-шувга сабаб бўлди - лейборист депутатлар қироллик саройидан ҳолат бўйича текширув ўтказишни талаб қилишди, болалар ишлари бўйича вазир Вики Форд британ жамиятида ирқчиликка ўрин йўқлигини таъкидлаб чиқди.

Британиялик тарихчи Роберт Лэйси Ҳарри ва Меганнинг интервьюсини «бахтсиз оила ҳақида асл манбадан олинган ҳикоя» деб атади. Қироллик оиласи биографи Пенни Жунор интервьюни қўл гранатасига ўхшатди, BBC мухбири Жонни Даймонд эса уни Британия монархиясига пичоқ уришга қиёслади. CNN агентлиги 1995 йилда малика Диана шаҳзода Чарльз билан ажрашуви ҳақида айтган гапларидан бери қироллик оиласи энг жиддий инқирозга дуч келишини айтди. Монархияни тугатиш тарафдори бўлган Republic ҳаракати эса бу қирол Эдвард VIII 1936 йилда Уоллис Симпсонга уйланиш учун тахтдан воз кечганидан кейинги энг катта инқироз бўлади, деб ҳисобламоқда. Интервьюни ҳатто Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова шарҳлаб, буни «саҳна безакларининг қулаб тушиши» деб атади.

Ҳарри ва Меган томонидан кўтарилган асосий муаммо Ғарб ОАВ томонидан ирқчилик деб ҳисобланмоқда. Британия нашрлари Арчининг танаси рангидан қироллик оиласи аъзоларининг қайси бири хавотирга тушганини очиқлашни талаб қилди ва оила аъзоларининг камлиги, демак гумонланувчилар ҳам унчалик кўп эмаслигини таъкидлади: Ҳаррининг отаси шаҳзода Чарльз ва унинг рафиқаси Камилла, шунингдек, Ҳаррининг акаси шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Миддлтон. Шаҳзода Чарльзни аллақачон ирқчиликда гумон қилишди; унинг таржимаи ҳолини ёзувчи Жонатан Димблби эса бунга ишониш қийинлигини айтди.

Ўз навбатида, интервьюни танқид қилганлар ҳам учради. Good Morning Britain шоуси бошловчиси Пирс Морган Марклнинг ҳатто об-ҳаво ҳақидаги сўзларига ҳам ишонмаслигини айтди. Daily Mail газетаси ўз муқовасидан «Улар нима қилиб қўйди?» сарлавҳаси остида Ҳарри ва Меганнинг фотосуратини чиқарди. Нашрда эр-хотиннинг бойлиги 45 миллион доллардан ошиши қайд этиб ўтилган.

The Sun газетаси Меган ҳеч қачон Буюк Британияга қайтмаслиги мумкин деб ёзган ва «Megxile» ( инглизчада Meghan — Меган ва exile — сургун сўзларининг қисқартмаси) сўзини ишлатган. 400дан ортиқ инглиз ОАВ ходимларини бирлаштирган Муҳаррирлар жамияти ОАВга нисбатан қўйилган герцогиняга тарафкашлик қилиш ҳақидаги айбловларни рад этди. Консерватив партия аъзоси Зак Голдсмит Ҳаррига «оиласини шарманда қилгани» учун танбеҳ берди ва «Меган ҳар доим хоҳлаган нарсасини олади», дея қўшимча қилди.

Меган Марклнинг отаси Томас қизининг интервьюда айтган гапларига эътироз билдирди.  У қизининг Опра Уинфри билан суҳбатидан қаттиқ хафа бўлгани, Ҳарри ва Меган жуда оғир бир дамда қироллик оиласига кучли зарба бергани, ушбу интервьюни ҳеч бўлмаганда 99 ёшли шаҳзода Филипп тузалиб кетгунга қадар намойиш этмаслик керак бўлганини таъкидлаб ўтган.

Интервью эълон қилинганидан бир ярим кун ўтгач, 9 март куни Букингем саройи унга нисбатан баёнот эълон қилди ва қироллик оиласи тўйдан кейин жуфтлик дуч келган муаммоларга жиддий ёндашишини маълум қилди. «Ўтган бир неча йил Ҳарри ва Меган учун қанчалик оғир кечганини эшитиб, бутун оила уларга ачинди. Кўтарилган муаммолар, айниқса, ирқий масалалар бизни ташвишга солмоқда. Баъзи хотиралар аслидан фарқ қилиши мумкин бўлса-да, улар ўта жиддий қабул қилинади ва уларни қироллик оиласи алоҳида кўриб чиқади», — дейилади баёнотда. Унда шаҳзода Ҳарри, унинг рафиқаси Меган ва уларнинг ўғли Арчи «ҳар доим қироллик оиласининг севимли аъзолари бўлиб қолиши» қўшимча қилиб ўтилган.

Опра Уинфрига берилган интервью давомида Сассекс герцоги ўзининг оила аъзолари билан, хусусан, отаси, шаҳзода Чарльз билан ҳамда акаси, шаҳзода Уильям билан муносабатларида юзага келган мураккабликлар хусусида ҳам тўхталган.

Ҳаррининг сўзларига кўра у ва Меган қироллик хонадони аъзоларининг мажбуриятларидан воз кечгач, шаҳзода Чарльз унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйган.

Шаҳзода Уильям билан муносабатлари ҳақида эса улар ҳозир яқин эмаслиги, аммо барчасини «вақт даволаши» ҳақида гапирган.

Мавзуга оид