Жаҳон | 21:08 / 12.03.2021
3702
2 дақиқада ўқилади

Австрия канцлери Европада коронавирусга қарши вакцинанинг тақсимланишини танқид қилди 

Фото: AFP

Австрия канцлери Себастян Курц Европа иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида коронавирусга қарши вакцина уларнинг аҳолиси сонига мутаносиб тарзда тақсимланмаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, иттифоқнинг баъзи давлатлари вакцина етказилиши бўйича фармацевтик компаниялар билан махфий шартномалар тузган.

“Давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ўртасида қарор қабул қилинган бир вақтда ва ушбу қарорга зид равишда бошқа бир орган – тиббий амалдорлар мувофиқлаштирувчи кенгашида бошқа келишувлар тузилган кўринади. Бу органнинг шартномалари сир тутилади, ҳаттоки мен ҳам улардан бехабарман”, деб айтган Курц.   

Австрия канцлерининг фикрича, баъзи давлатлар вакцинадан жуда кам, бошқалари эса кўп олгани кундек равшан. 

Курц бундай ёндашув сабабли Болгария ва Латвия етарли миқдорда вакцина олмасликлари мумкинлигидан огоҳлантирган. Шунингдек, унинг таъкидлашича, Европа иттифоқининг баъзи давлатлари эмлашни май ойида, бошқалари эса фақатгина ёз охири ёки кузда якунлашлари мумкин.   

Курцнинг айтишича, бундай ёндашув Европа иттифоқининг руҳига тўғри келмайди ва буни бартараф этиш лозим. У мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фармкомпаниялар билан тузган келишувлари тафсилотларини, жумладан ушбу келишувларни ким имзолаганини аниқлаш лозимлигини талаб қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид