Ўзбекистон | 14:41 / 12.03.2021
21902
3 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари совуқ об-ҳаво кузатилади

Бугун, 12 март куни тунда шимолий ҳудудларга Россиянинг (Москва вилояти) Европа ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши бошланди. 

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Қорақалпоғистонда баъзи жойларда қор ёғди, шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кузатилди, айрим жойларда шамол кучайиши 23-28 м/с гача етди. Ҳаво ҳарорати бугун кундуз куни 2-7 даража илиқдан ошмайди.

Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида баҳорий илиқ об-ҳаво сақланиб туради, кун ўртасига келиб, ҳаво ҳарорати 17-22 даража илиққача кўтарилади, бу меъёрдан 3-5 даражага юқоридир. Фақат жануби-ғарбий ҳудудларга Эрондан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида кечга томон баъзи жойларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. 

Эртага нам ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади, аксарият вилоятларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Фарғона водийси вилоятларида фақат кечки соатларда ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси ва кундуз куни 10-15 даража илиқ атрофида бўлади. Шимолий ҳудудлар совуқ таъсири остида бўлади. Қорақалпоғистонда баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин, Хоразм вилоятида қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Ҳарорат шимолий ҳудудларда 3-8 даража совуққача пасаяди.

14 мартда республиканинг барча ҳудудлари совуқ антициклон таъсири остида бўлади. Марказий ва шарқий туманларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади, баъзи жойларда кучли бўлади. Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида фақат кечаси ва эрталабки соатларда ёғингарчилик бўлади. Шимолий ҳудудларда ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам. Ҳаво ҳарорати кечаси ва кундуз куни 2 даража совуқ - 3 даража илиқ, шимолда кечаси 10-15 даража совуқ, кундуз куни 2-7 даража совуқ атрофида бўлади.

12-14 мартда республика ҳудудининг кўп қисмида шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 23-28 м/с гача кучайиши мумкин.

15 мартда кечаси совуқ антициклон таъсири кучаяди, ҳаво ҳарорати 2-7 даража совуққача пасаяди. Кундуз куни эса ҳарорат кўтарила бошлайди ва 3-8 даража илиқни ташкил этади, бу март ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 8-10 даражага паст бўлади.

Қор ёғиши ва паст ҳарорат республика йўлларида яхмалак ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Тоғли ҳудудларда қор кўчкиси хавфи бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид