Ўзбекистон | 21:14 / 12.03.2021
4890
3 дақиқада ўқилади

«Махсустранс»: Тошкентда бир кунда 2 минг тонна чиқинди чиқарилади

Тошкент шаҳрида чиқарилаётган чиқиндилар миқдори йил сайин кўпайиб бормоқда, прогнозларга кўра унинг ҳажми 15 йил ичида икки баравар кўпаяди. Бу ҳақда «Махсустранс» ДУК томонидан Тошкент шаҳрида маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш бўйича янги дастурни йўлга қўйишга бағишланган учрашувда айтиб ўтилди.

Маълум қилинишича, чиқиндиларни саралаш бу муаммонинг олдини имкон қадар олиши мумкин. 2020 йил 15 декабрда қабул қилинган «Тошкент шаҳрида маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга оширишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни (ҚМЧ) тўплаш, саралаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 100 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Жорий йилда ҚМЧни саралаган ҳолда тўплаш учун ҳар бир тумандан иккитадан маҳалла танлаб олинади. Бу дастурда ҳозирча Тошкент шаҳридаги жами 24та маҳалла иштирок этади. Ушбу маҳаллалар аҳолисига рангли пакетлар берилади. Сариқ пакетлар – қайта ишланадиган чиқиндилар (қоғоз ва пластик), яшил пакетлар – органик чиқиндилар (озиқ-овқат қолдиқлари, барглар, ўтлар), кулранг пакетлар эса қайта ишланмайдиган чиқиндилар (оёқ кийимлари, салфеткалар, памперслар) учун мўлжалланган.

Чиқиндиларни олиб кетиш учун ушбу маҳаллаларга ҳафтада икки марта рангли яшил ва кулранг-сариқ стикерли машиналар келади.

«Махсустранс» ДУК раҳбари ўринбосари Шерзод Каттахўжаевнинг айтишича, бунинг учун Осиё тараққиёт банки грант маблағлари ҳисобидан 59та янги махсус машиналар харид қилинди.

«Жорий йилнинг май-апрел ойларида «Яшил Тошкент» дастури бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бугунги учрашувдан кўзланган мақсад шу дастур доирасида чиқинди саралаш, ҳашар ишлари, дарахт экишни ташкиллаштиришдир. Барча маҳаллаларни қамраб олишга ҳозирда имконимиз йўқлиги сабаб кичкина қадамлардан бошладик.

Ҳозирда Тошкент шаҳрида бир кунда 2000 тонна чиқинди чиқарилади. Шундан 700-800 тоннасини қайта ишлаб чиқариш мумкин. Натижада ҳам даромад кўриш мумкин, ҳам экологияга фойда бўлади. Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан бунга 69 млн доллар ажратилган. Ушбу маблағнинг ярмига Кореядан чиқинди йиғиш техникаси харид қилинди», деди у.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид