Ўзбекистон | 18:02 / 12.03.2021
17524
2 дақиқада ўқилади

«Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади

“Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қарор билан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. 

Низомга кўра, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари, жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:

  • “Ёшлар дафтари”га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
  • ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатлар 75 фоизигача қисмини қоплашга;
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача миқдорда қоплашга;
  • “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратишга;
  • мамлакатдаги олий таълим муассасаларида ўқиётган, “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммаси 50 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган миқдорда қоплашга.

Жамғарма маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида манфаатдор муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда васийлик кенгаши тузилади.

Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига ҳисобот беради. 

Ёшлар ишлари агентлиги туман (шаҳар) бўлими жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига олиб қўйилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид