«Бутун умр футболдан четлатишса четлатишсин! Ҳакамларга пул бермасангиз, "чопиб" ташлашади» — «Турон» бош мураббийи ҳакамларнинг қинғирликлари ҳақида аччиқ гапларни айтди

Суперлига 2-тури доирасидаги «Сўғдиёна» - «Турон» (1:0) учрашувида бош ҳакам Виктор Серазетдинов қўпол хатога йўл қўйди. Тўп меҳмонлар ҳимоячисининг юзига текканига қарамай, ҳакам вазиятни қўл билан ўйнаш деб баҳолаб, Жиззах клуби фойдасига пенальти белгилади. Якунда ушбу вазият «Турон»нинг мағлубияти билан тугади.
Ўйиндан кейин журналистлар билан интервьюда водийликлар бош мураббийи Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги ҳакамларнинг қинғир ишлари ҳақида асабий руҳда гапирди. Championat.asia сайти матбуот анжуманидан видеони эълон қилди.
«Аввало, «Сўғдиёна» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйинга келадиган бўлсак, энди нима «Турон»ни айби Суперлигага чиққаними? Ёки ҳакамларга пул билан чиқмаётганими? Бу нарсани ўтган икки ўйинимиздан буён умуман тушуниб бўлмаяпти. Бугунги вазиятда тўп футболчининг бошига текканини бутун дунё, бутун Ўзбекистон кўриб турибди, ҳакам эса тўп футболчини бошига текканига пенальти белгилаяпти.
Мана ҳозир ўша ҳакам кийиниш хонасига кирсин, футболчилар йиғлаб ўтирибди. Буларга қачон чора кўрилади? Қачонгача бунга чидаш мумкин? Тозалаймиз дейишяпти, шуми тозалашаётгани?! Келиб кўмиб кетмоқда. Иккита турдан буён умуман футбол йўқ, фақат ҳуштак чалиш билан ўйин ўтмоқда. 70-80 нафар одам оиласини боқаман, деб тиним билмаяпти. Булар эса қачонгача шундай ишлашади? Учта одам майдонда жамоани «калласини олиб ташлаяпти». Ўзбекистонда шуми адолат? Қани бу ерда адолат? Қачонгача коррупцияга қарши курашиш мумкин. Ҳалол ўйна дейишди ҳаммага, биз ҳалол ўйнаяпмиз, ҳакамларга чиқаётганимиз йўқ, мана аҳвол! Пул билан чиқмасангиз каллангизни олиб ташлайди! Ким чора кўради буларга?
Майли, бутун умрга футболдан четлатишса четлатишсин! Лекин кимдир охиригача курашиши, охиригача бориши керак. Рақиб футболчисини қўлига икки бор тўп тегди. Ҳакам эса унга индамай, бутун ўйин давомида дарвозамиз олдини пойлаб ўтирди. Ўйинни бошидан бери 5та сариқ карточка берилди. Ундан кўра, ўйиндан олдин келиб, «бугун каллангни олиб ташлайман», десин овора бўлиб чиқмаймиз. Майли, ёш мураббийман, кўчадан иш топиб оламан. Аммо жамоа нима қилади? Жамоа ғалаба қозонса, мукофот пули оламан, оиламга олиб бораман, деб кутиб яшамоқда. Ҳамма оғзида гапиради, амалда эса ҳеч нарса йўқ.
Ҳакам ўйнашга қўйиб бердими, деб савол беринг аввал. Бу қандай футбол? Бундай аҳволда футбол ҳақида қандай гапириш мумкин? Ҳакам сизга ўйин бермаса, қандай ўйнаш керак? Қани футбол?», - дея қаттиқ оҳангда гапирди «Турон» бош мураббийи Исломбек Исмоилов.
Маълумот учун, бу баҳсдан кейин «Турон» Суперлигада сўнгги ўринга тушди, «Сўғдиёна» эса 6 очко билан Суперлига пешқадами бўлиб олди.
ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ҳам бу борада ўз фикрини билдирди.
«Суперлигада VAR ишлайдиган ўйинлар сонини кўпайтириш устида ишлаймиз. Кейинги сафаримиз биринчи галда Яйпанга бўлади. Боиси «Турон» бугун ҳакамликдан азият чеккан бўлса, бир неча ойдан буён солиқ органлари сабаб азият чекмоқда. Бу кетишда мисқоллаб йиғаётган хусусий клубларимизни ҳам йўқотиб қўйишимиз мумкин.
Биз бир йил аввал ўхшаш мавзу юзасидан «Турон» билан биргаликда судда ёнма-ён иштирок этгандик. Бундан кейин ҳам «Турон», «Андижон», «Янгиер», «Истиқлол» каби клубларни қўлимиздан келганича ҳимоя қиламиз. Айнан шундай клублар футболимиз эртасини белгилаб бериши мумкин.
«Турон» катта футбол учун катта чиқим қилди. Унинг бошқарувида бу каби муаммоларга тайёр инсонлар бор. Биз шундай муаммолардан кейин қўл силтаб кетишимиз эмас, уларга қарши бирга курашишимиз кераклигини улар яхши тушуниб туришибди», - дея ёзади ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги каналида.
Мавзуга оид

11:31 / 26.05.2025
Ўзбекистон ўсмирлар жамоасининг ЖЧ гуруҳ босқичидаги рақиблари маълум бўлди

12:23 / 25.04.2025
Байрам тугади, энди жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш керак – Эрматов ўсмирларни акаларининг хатоларини такрорламасликка чақирди

15:51 / 21.04.2025
Президент ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ғолибларини унвон ва медаллар билан тақдирлади

14:08 / 14.04.2025