Жамият | 19:34 / 15.03.2021
17301
2 дақиқада ўқилади

МТВ: Бир неча боғча карантинга ёпилиши уларнинг барчаси ёпилади дегани эмас

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги барча боғчалар карантинга ёпилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу борада гўёки мактабгача таълим муассасаси мудиралари номидан ота-оналарга огоҳлантириш сифатида юборилаётган аудиохабарларни ҳам учратиш мумкин.

Kun.uz мухбири шу мазмундаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева билан боғланди.

Матбуот хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, Олмазор туманидаги боғчанинг 2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячисида коронавирус инфекцияси аниқланиши сабаб вақтинча ёпилиши республикадаги барча боғчаларга тегишли амалиёт эмас.

«Телеграмдаги турли каналларда шундай хабарлар тарқатилаётганидан хабарим бор. Бу каби канал эгаларининг мақсади шу каби фейк хабарлар билан каналига одам йиғиш, эътиборни тортиш.

Ҳа, биз 2 нафар тарбияланувчи ва 2 нафар тарбиячисида коронавирус инфекцияси аниқлангани сабабли Олмазордаги 117-сонли боғчани ёпдик. Аслида, бу ҳолатда ҳам битта гуруҳ ёпилиши керак эди, инфекция юқтирганларнинг бошқалар билан контактда бўлгани эҳтимоли билан бутун боғча 14 кунга карантинга олинди.

Биз кескин чораларни фақат махсус комиссия қарори билан қабул қиламиз. Ҳозирча эса бундай топшириқ йўқ. Қолган боғчалар иш фаолиятида давом этади», – деди Мавлуда Асқархўжаева.

Бундан олдинроқ 15 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси иш фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид