Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Машинада унутиб қолдирилган боғча боласи димиқиб вафот этди. Бу Қашқадарёда бир йил ичидаги иккинчи шундай ҳодиса
Қамаши туманида содир бўлган фожиа бир оилани фарзанд доғида қолдирди. Эндигина уч ёшга тўлган Мадина Зайниддинова эрталаб ўйнаб-кулиб боғчага кетганди. Оқшомга яқин унинг жонсиз танаси онасига топширилди: Қизалоқ боғчага ташийдиган автомашина ичида унутиб қолдирилган ва соатлар давомида ёпиқ салонда қолиб кетган. У ҳаво етишмаслиги ва иссиқ уриши оқибатида вафот этган.
Мадина Зайниддинова тумандаги якка тартибдаги тадбиркор Абдураҳмон Очиловга тегишли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси бўлган.
Фотима Мусулмоновага кўра, 4 июн куни эрталаб қизини боғча учун хизмат қилувчи KIA Carnival русумли автомашина олиб кетган. Транспорт воситасида ҳайдовчи Азиз Очилов ва тарбиячи Нодира Жўраева бўлган.
Қизалоқ ҳар куни ушбу тартибда боғчага олиб борилган ва кечқурун яна уйига қайтарилган.
Фотима Мусулмонованинг айтишича, соат 17:00 лардан кейин қизининг келмагани унда хавотир уйғотган.
«Қўшнимизнинг болалари келган, лекин менинг қизим йўқ эди. Боғчадагиларга қўнғироқ қила бошладим, телефонни кўтаришмади. Кейин билсам, қизим аллақачон шифохонага олиб кетилган экан», дейди у.
Маълум бўлишича, қизалоқ боғчага олиб келинганидан кейин автомашина ичида қолиб кетган. Болалар туширилгандан кейин транспорт воситаси ташқи томондан қулфланган ва боғча ҳовлисида қолдирилган. Шу тариқа қизалоқ бир неча соат давомида ёпиқ салонда қолиб кетган.
Отаси Достон Амоновга кўра, воқеадан кейин айрим қўшни болалар боғчада ҳодисанинг оқибатларига гувоҳ бўлган.
Болалар автомашина ойнаси синдирилгани, қизалоқни чиқариб олишга уринишгани ва катталарнинг саросимага тушганини гапириб беришган.
Ота ҳодисага алоқаси бўлган барча шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўрамоқда.
«Бошқа инсонлар ҳам биздек куйиб қолмасин. Ҳолат бўйича адолатли қарор чиқарилишини истаймиз», дейди у.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолатни Kun.uz’га тасдиқлади.
Бошқарма маълумотига кўра, якка тартибдаги тадбиркор Абдураҳмон Очиловга тегишли оилавий нодавлат таълим ташкилоти билан тузилган битим 10 июн куни бекор қилинган.
Айни вақтда мазкур муассаса фаолияти тўхтатилган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Қамаши туманида 2023 йилда туғилган қизчанинг вафоти билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида 2026 йил 5 июн куни гумонланувчи сифатида автотранспорт ҳайдовчиси процессуал тартибда ушланган. Айни вақтда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш лозим, Қашқадарёда хусусий боғчалар билан боғлиқ болалар ўлими ҳолати аввал ҳам кузатилганди. Хусусан, 2025 йил июн ойида Косон туманидаги хусусий боғчада 2,5 ёшли Зарина Иззатиллаева вафот этганди. Қизалоқнинг яқинлари бола автомашина ичида қолиб кетиб, димланиш оқибатида вафот этганини билдирган ва ўшанда ҳам боғча фаолияти тўхтатилганди.
Бир-бирига ўхшаш икки фожиа орасида бир йил ҳам ўтмади. Бу ҳолат хусусий мактабгача таълим муассасаларида болалар хавфсизлиги, уларни ташиш тартиби ва назорат механизмлари қай даражада ишлаётгани ҳақида жиддий саволларни яна кун тартибига олиб чиқмоқда.
Мавзуга оид
22:12 / 06.06.2026
Андижонда вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилган ИИБ ходими қамоққа олинди
13:52 / 26.05.2026
Бувиси мунтазам тазйиқ ўтказиб келган 3 нафар бола Туркиядан ватанга қайтарилди
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
16:15 / 23.05.2026