Ўзбекистон | 21:35 / 16.03.2021
15440
7 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов: «Кўп масалалар "не по закону, а по понятиям" ҳал қилинадиган бўлиб қолди»

Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини суратга олиб, тегишли жойларга хабар бериш, депутат Расул Кушербаевнинг чиқишидан сўнг, ижтимоий тармоқларда яна муҳокама мавзусига айланди.

Расул Кушербаев ўз видеомурожаатида бировнинг қоидабузарлигини расмга олиб, пул ишлаётганлар бугун 10 минг сўм учун одамларни сотса, эртага 100 минг сўм учун ватанини ҳам сотишини айтиб, буни «козёллар жамияти»га ўхшатди.

Қонун ишлаб чиқувчи депутат қонунларга итоатсизлик ҳақида хабар берганларни «козёллар» деб аташи бир неча ойдан буён давом этаётган муҳокамаларни қайта жонлантирди.

Кушербаевнинг фикрларига Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ҳам қарши чиқди.

«Жамият қонунбузарликларни беркитиши керак эмас. Бу ҳақда гапирган одамлар «козёл»га чиқиши хато. Мана, яқинда бир одам кичкина бир қизни ўғирлаб кетаётган пайт, бу ҳолат ҳам одамлар ёрдамида, уларнинг видеолари орқали бартараф этилди. Демак, улар ҳам «козёл»ми? Логика шундай бўляпти.

Албатта, одамлар орасида «солидарность» бўлиши керак, лекин қонун-қоида бузилишини яширишда эмас. Биз тартибли ва хуқуқий жамият қуришга интилишимиз, уни тарғиб қилишимиз керак. Ўзи шундоқ ҳам кўп масалалар "не по закону, а по понятиям" ҳал қилинадиган бўлиб қолди», – дея ёзди Алламжонов Telegram'даги каналида.

Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бошқармаси бошлиғи Шоҳидахон Йўлдошева ҳам мавзуга муносабат билдирди.

«Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олаётганларга «сотқин» таърифи ёпиштирилса, у ҳолда мен ҳам ана шундай «сотқин» бўлишга тайёрман ва бундан фахрланаман», – дея ёзди у ўз мақоласида.

Вазирлик расмийси қонун чиқарувчи ҳокимият вакилининг гаплари «жамиятимиз учун мутлақо кутилмаган тескари сигнал» бўлганини қайд этаркан: «Депутат қонун устуворлиги учун хизмат қилмаса, давлат қаерга боради?» дея савол қўйган.

Йўлдошева фақат ҳайдовчиларгина йўл ҳаракати иштирокчиси эмаслигини эслатиб, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда юз берган турли ЙТҲларда 10 мингдан ортиқ қурбон берилгани, бундан икки баробар кўп инсон жароҳатланганига эътибор қаратган.

«Одамлар бундан қандай хулоса қилиши керак?» деган халқ вакилининг қонунга амал қилаётган ва қонунбузилиши ҳақида хабар бераётганларни «козёл» деб атаганини танқид қилган Шоҳидахон Йўлдошева.

Блогер Шаҳноза Соатова суратга олиб юборилган қоидабузарликлар учун жарима солиш тартибидан норозилик билдираётган ҳайдовчиларга мурожаат қилди. Қуйидаги унинг мурожаати тўлиғича келтирилади

«Радикал ҳайдовчиларга

Мен сизларга жуда ачинаман.

Ҳаётингизни шу автосиз тасаввур қилолмайсиз. Ким, қайси лавозимда ўтирган бўлсангиз ҳам, нима иш билан шуғуллансангиз ҳам – отамисиз, онамисиз, фарзандмисиз, жигармисиз – фарқи йўқ, энг аввало, шу машинангиз рулидан туриб фикрлайсиз. Бошқа ҳақиқатни кўрмайсиз.

Пиёдаларни одам ўрнида кўрмайсиз, «неудачник» деб сўкасиз. Муваффақиятингизни шу темир билан ўлчайсиз!

Қонун устувор давлат дейсиз, ўзингиз тартибга риоя қилишга келганда шарт қўясиз.

Ўғри менга аввал ойига фалонча пул бер, кейин ўғрилик қилмайман деса ё коррупционер ойлигимни фалонча қилиб қўй, кейин пора олмайман деса, ҳозир сиз айтаётган гапнинг нари-барисини гапираётган бўлади аслида, тушунмайсиз ё истамайсиз.

Рулга ёпишиб олгансиз, болангизни боғча ё мактабининг эшигини тагигача аравангизда олиб боришингиз керак, пиёда келаётган болаларга қиш куни лой сачратиб, ёзда тупроқ ичида қолдириб. Худбинлик қилаётганингизни ўйлайсизми шунда?!

Тез ёрдам, ўт ўчириш машиналарининг йўлини ҳам тўсиб, парковка қилиб кетаверасиз, сизга нима?!

Касалхоналар олдида парковка йўқ дейсиз: касалхоналарда жой йўқ, койка йўқ, мутахассис йўқ, мутахассисга етарли ойлик йўқ – уларни қўйиб, сизга парковка қилиб бериш керак!

Машина сотиб олдим, бўлди, кимдир менга парковка қилиб бериши шарт деб ўйлайсиз: болалар майдончаси, йўлакларни эгаллаб олгансиз: бир қарич жой учун ёқа бўғишасиз! Машина сотиб олаётганда буни қаерга қўяман деб ўйламайсиз!

«Козел»ларни ураман дейсиз, токи рулда ўтирган бошқа бир козел қарама қарши йўналишда чиқиб келиб пешонама-пешона урилмагунча. Унда албатта, умуман бошқача гапира бошлайсиз!

Йилига 2-3 минг одам ўляпти деган факт сизларга таъсир қилмайди: сизларга парковка керак. Ваҳоланки, насибангиз ўзи икки метр!

Бир она боламни машина уриб кетган, буларни тартибга солиш учун ҳамма восита яхши деса, ёппаталайсиз: яна ўша парковка ва йўл деб, сизнинг болангизни урмади-да машина – шунақа одамгарчилик сизда!

Мен сизларга ачинаман!

Чунки сизлар пиёда юрмайсиз, тоза ҳавонинг қадрини билмайсиз!

Бирор юз метр нарига машинангизни қўйиб пиёда келишга эриниб ортиқча вазн, юрак-қон томир касалликлари орттиряпсиз – шу сизга жазо!

Кейин яна кимдир мени ҳозир даволаб берсин деб айюҳаннос солманг, биринчи навбатда даволаниши керак бўлса, автомобилингиз чиқарган газларни ютган пиёдалар, ғилдиракларингиз тагида қолган мажруҳлар, яқинини йўқотган ота-оналар ва фарзандлар даволаниши керак!

Рулингизда ўтириб инстаграм ё фейсбукка «прямой» қиласиз-да, кейин баҳсда бечорани ёқиб, киракашларни пеш қиласиз – уят, иккиюзламачилар!

Кимлардир бош-кетини ўйламай сизларга машинани ўзи арзимайдиган баланд нархда сотяпти, навбат туриб оляпсиз. Улар сизга аслида муаммо сотяпти. Билмайсиз!

Тойчоғингизни худди чақалоқни опкелгандек карнай-сурнайлар, пойандозлар билан дарвозангиздан киритасиз. Қадриятингиз шу темир даражасида?!

Мен қоидабузарларнинг жазоланиши тарафдориман, чунки бугун 3 миллион автомобиль эртага 5-10 миллионга чиққанида аҳволни умуман ўнглаб бўлмаслигини тушунаман. Барибир ҳаммага парковка етмайди!

Шуни тушунмаганингизга ачинаман».

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид