18:09 / 16.03.2021
8550

Молия вазири: Пандемия сабаб қўшимча ташқи қарз олишга эҳтиёж йўқ

2021 йилда коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм маблағ ажратилган. Ўзбекистонда карантин чоралари кучайтирилган тақдирда ҳам, халқаро молиявий ташкилотлардан ёрдам олишга эҳтиёж йўқ.

Молия вазири Тимур Ишметов

16 март куни бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида журналистлар билан «Ўзбекистоннинг ташқи қарзи» мавзусида очиқ мулоқот шаклидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Молия вазири Тимур Ишметов жорий йилда Covid-19 инфекциясига қарши курашиш учун давлат бюджетидан 3 триллион сўм маблағ ажратилгани, ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, пандемия сабаб қўшимча ташқи қарз олишга эҳтиёж йўқлигини айтиб ўтди.

«Давлат томонидан ажратилган маблағ пандемияга қарши курашишда етарли бўладими ёки йўқми, буни ҳозир айтиш қийин. Чунки пандемиянинг қанча вақт давом этиши бутун дунё бўйича ноаниқ, мавҳум бўлиб қолмоқда. Ўтган йилнинг охирида бюджет шакллантирилаётган пайтда ҳам, ҳозир ҳам пандемия билан боғлиқ вазиятда аниқ рақамларни айтиш имконсиз», дея Тимур Ишметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У Хитой молиявий ташкилотлари томонидан берилган пул маблағлари сабаб Ўзбекистон қандайдир шартларни башариш мажбуриятларини олгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Хитой ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон учун асосий қарз берувчи давлатлардан бири. Бунда белгиланган иқтисодий-молиявий шартлардан бошқа ҳеч қандай мажбурият олмаганмиз.

Давлатлар ўртасида қарз жалб қилинаётганда аксарият ҳолатда гаров талаб қилинмайди, давлатнинг макроиқтисодий ҳолати ва резерв имкониятларидан келиб чиқиб молиявий ташкилотлар пул ажратади.

Хитойдан қарз олинаётган пайтда биз фақатгина қарзни вақтида қайтариш мажбуриятини олганмиз, Ўзбекистон Хитойдан қарздорлиги сабаб унинг вакцинасини сотиб олиш мажбуриятини олган деган гаплар асоссиз», деди вазир.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томонидан олинган ташқи қарзларда давлат учун энг муҳим омил – олинган маблағларни ўз вақтида қайтариш ва республиканинг халқаро майдондаги репутациясини йўқотмаслик ҳисобланади.

Маълумот учун, 2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи 21,1 миллиард долларни ташкил этган. Халқаро давлат молия ташкилотлари ичида Хитой Эксимбанки (2 миллиард доллар) ва Хитой тараққиёт банки (2 миллиард доллар) республика ташқи қарзида салмоқли улушга эга ҳисобланади.

Top