Жаҳон | 17:08 / 16.03.2021
8956
1 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Россия, терроризм, Хитойнинг кўтарилиши ва иқлим ўзгаришини асосий таҳдидлар деб атади

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия биргаликда ишламоқда, хусусан, ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

Фото: REUTERS/Yves Herman/Pool

Россия, терроризм, Хитойнинг кўтарилиши ва иқлим ўзгариши НАТО учун асосий таҳдидлар ҳисобланади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиш чоғида ана шундай деди.

"Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракати, терроризм, киберҳужумлар, технологиялар, Хитойнинг кўтарилиши ва иқлим ўзгаришлари – олдимиздаги таҳдидлар. Ҳеч қайси мамлакат ва ҳеч қайси қитъа ёлғиз ўзи бас кела олмайди. Шу сабабли стратегик бирдамлик билан ҳамкорликда ишлашимиз керак", - деди у.

Столтенбергнинг сўзларига кўра, Хитой ва Россия биргаликда ишламоқда, хусусан, ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда.

"Буларнинг бари НАТОга нисбатан келажакдаги таҳдидларни белгилаб беради. Шунинг учун НАТО авторитар Хитой ва тажовузкор Россия таҳдидларига мослашиши муҳим ҳисобланади", - деб қўшиб қўйди у.

Бош котибнинг таъкидлашича, Россияга нисбатан ёндашув альянс саммитида тақдим этиладиган "НАТО - 2030" стратегиясида батафсил баён этилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид