Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Атлетико» Лондонда «Челси»ни мағлуб эта оладими? ЕЧЛ 1/8 финал жавоб ўйинлари олдидан
Бугун, 17 март чоршанба оқшомидаги ўйинлар билан Чемпионлар лигаси чоракфиналига йўлланма олган энг охирги икки клуб номи маълум бўлади. 1/8 финал жавоб ўйини доирасида Ла Лига пешқадами «Атлетико» Лондонда «Челси»ни мағлуб этишга уринса, Бундеслига етакчиси «Бавария» Мюнхенда «Лацио»ни қабул қилади.
«Челси» бу сафар ҳам «Атлетико»ни тўхтата оладими?
Руминия пойтахти Бухарестда ўтган дастлабки тўқнашувда Лондон клуби Оливье Жирунинг ягона голи эвазига Мадрид жамоасини мағлуб этишга эришганди. Энди эса рақиблар Лондонда саф тортишади ва ҳали бу жуфтликда ҳеч нарса ҳал бўлмаганини Диего Симеоне сингари Томас Тухель ҳам яхши тушуниб турибди. «Атлетико» Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасида Англиядан ғалаба билан қайтиш тажрибасига эга. Мадридликлар ўтган мавсумда «Энфилд»да «Ливерпуль»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этган ҳолда 1/4 финал босқичига йўлланма олишганди. «Ҳиндулар» ва «аристократлар» ўртасидаги дастлабки ўйин тенгкурашлар остида ўтган ва Жирунинг маҳорати инглизларнинг кичик устунлигини таъминлаганди. Бу сафар ҳам индивидуал маҳорат ўйин тақдирини ҳал этиши мумкин.

«Биз Лондонда 90 дақиқа вақтга эга бўламиз ва бу минимал ҳисобни йўққа чиқариш ва ғалабани илиб кетиш учун етарлича вақт», - дейди Симеоне ўйиндан олдин. Кўрамиз, меҳмонлар амалда ҳам бунинг уддасидан чиқишармикан...
17 март (чоршанба)
ЕЧЛ. 1/8 финал. Жавоб учрашувлар
«Челси» - «Атлетико»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: «FutbolTV»
Тахминий таркиблар:
«Челси»: Менди; Аспиликуэта, Кристенсен, Рюдигер; Жеймс, Канте, Ковачич, Алонсо; Ҳадсон-Одои; Жиру, Вернер
Ўйнамайди: Жоржиньо (дисквалификация), Маунт (дисквалификация)
Сўроқ остида: Тьяго Силва (жароҳат), Абраҳам (жароҳат)
«Атлетико»: Облак; Триппьер, Савич, Фелипе, Эрмосо, Карраско; Льоренте, Коке, Лемар; Корреа, Суарес
Биринчи учрашув – 1:0
«Бавария» «Лацио»га қарши иккинчи таркибини қўядими?
«Бавария» Римда майдон эгаси «Лацио»ни йирик 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, амалда чоракфинал йўлланмасини чўнтагига солди. Ҳанс-Дитер Флик Мюнхендаги ўйинда иккинчи таркибни тушириши ҳам мумкин. Шундай бўлган тақдирда Германиядаги баҳсда интрига уйғониши мумкин. Акс ҳолда А Сериядаги сўнгги уч ўйиндан буён сафарда фақат мағлубиятга учраб, 7-ўринга тушган «Лацио»нинг «Альянц Арена»да «Бавария»ни мағлуб этиши қийин масала.

«Бавария» - «Лацио»
Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: «UzReportTV»
Тахминий таркиблар:
«Бавария»: Нойер; Павар, Зюле, Алаба, Дэвис; Рока, Горецка; Сане, Мюллер, Гнабри; Левандовски
Ўйнамайди: Коста (жароҳат), Куасси (жароҳат), Толиссо (жароҳат)
«Лацио»: Рейна; Патрик, Ачерби, Раду; Марушич, Милинкович-Савич, Лукас Лейва, Луис Альберто, Лулич; Корреа, Иммобиле
Ўйнамайди: Лаццари (жароҳат)
Сўроқ остида: Акпа-Акпро.
Биринчи учрашув – 4:1.