«Қорабоғ»нинг Чемпионлар лигасидаги эртаги якунланди. Биринчи ўйиндаги натижа (1:6) Озарбойжон жамоасининг 1/8 финалга чиқиш имкониятини амалда йўққа чиқарганди. Англиядаги ўйинда ушбу клуб муносиб ўйин кўрсатди, аммо яна ютқазди. Икки ўйин натижасига кўра 3:9 ҳисобидан кейин жамоа турнирдаги иштирокини якунланди. Ҳозирча «Қорабоғ»нинг «Нюкасл» каби рақибларга кучи етмаслиги маълум бўлди.
Александр Сёрлот – «Брюгге»нинг жаллодига айланди. Белгия клуби иккинчи ўйинда ҳам «Атлетико»га жиддий қаршилик кўрсатди, аммо якунда Чемпионлар лигаси билан хайрлашишига тўғри келди. Уч бўлимдан кейин «Брюгге» номдор рақиби билан тенг кўрсаткич қайд этаётганди – 4:4. Аммо «Атлетико» Мадриддаги ўйинни йирик ғалаба билан якунлади. Сёрлот ҳет-трик қайд этди ва клубини кейинги босқичга олиб ўтди.
«Будё-Глимт» эса навбатдаги сенсацияни амалга оширди. Норвегия жамоаси умумий гуруҳ босқичида «Манчестер Сити» (3:1) ва «Атлетико» (2:1) каби гранд рақибларни мағлуб этганди, ўтиш босқичида эса «Интер»га ҳеч қандай имконият қолдирмади (3:1, 2:1). Биринчи ўйиндан кейин кўпчилик ЕЧЛнинг ўтган мавсуми финалчиси икки очколик фарқни йўққа чиқариши ва плей-оффга ўтишини тахмин қилганди. Аммо амалда барчаси бошқача кечди. Кристиан Киву энди бор эътиборини скудетто учун курашга қаратади.
«Байер» «Олимпиакос» тўсиғидан осонлик билан ўтди. Греклар клуби ушбу рақибни умумий гуруҳ босқичида мағлуб этганди (2:0), аммо ўтиш ўйинларида бирорта ҳам гол ура олмади. Сафардаги ўйинда барчасини ҳал қилган немислар жамоаси ўз уйида икки гол устунлигини сақлаб қолди.
«Боруссия» биринчи ўйинда қулай ҳисобда ғалаба қозонганига қарамай, Чемпионлар лигасини тарк этди. «Аталанта» Бергамода кечган жавоб ўйинида характер кўрсатди ва биринчи бўлимдаёқ умумий ҳисобни тенглаштирди, иккинчи бўлим бошида эса ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олди. Кейин эса Адейеми жавоб голини уриб, мувозанатни тиклади. Барча қўшимча бўлимларга тайёрланаётганида эса меҳмонлар жарима майдони ичида ҳал қилувчи вазият юзага келди.
Шу кунги ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлиши мумкин бўлган Бенсайбайни фол ишлатди, ҳакам уни майдондан четлатди ва 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Самаржич 90+8-дақиқада ғалаба голини урди.
Бунданда драматик воқеа Туринда рўй берди. Истанбулдаги 2:5 ҳисобидан кейин Лучано Спаллетти жамоасида ҳеч қандай имкон қолмагандек кўринганди. Жавоб ўйинида эса италянлар учта гол уришди, шундан иккитасини бир киши камчилик бўлиб қолганида.
49-дақиқада ҳимоячи Ллойд Келли ҳаводаги тўп учун курашда мувозанатини йўқотиб, ерга қўнишда бутсасининг остки қисми билан Бариш Йилмазнинг оёғига зарба бериб юборди. Аввалига ҳакам унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди, VAR текширувидан кейин бу тўғридан тўғри қизилга айланди.
Умумий ҳисоб тенглашгач, жамоалар қўшимча бўлимларга ўтишди.
Овертаймлар бошида туринликлар тўртинчи голни уришга жуда яқин келишди, аммо Жегрова ўта қулай имкониятни қўлдан бой берди.
«Галатасарой» эса барибир сон жиҳатдан устунликдан фойдаланиб, 0:3 ҳисобини 2:3 кўринишига келтирди. Туркияда ўтказиб юборилган ортиқча голлар (ўша ўйинда ҳам жамоа озчилик бўлиб қолганди) «Ювентус»га қимматга тушди.
«ПСЖ» ва «Монако» ўртасидаги икки ўйин ҳам голларга бой бўлди. Биринчи ўйинда монегаскликлар биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган, аммо иккинчи бўлимда Александр Головин тўғридан тўғри қизил карточка олгач, ютқазганди. Жавоб ўйинида ҳам «Монако» ҳисобни очди, кейин эса яна ўн киши бўлиб қолди. Парижликлар олти дақиқа ичида икки гол уришди ва амалда ўйин тақдирини ҳал қилишди. Аммо ўйин охири анча кескин руҳда ўтди, меҳмонлар аввалига ҳисобни тенглаштиришди, кейин эса ғалабани илиб кетиш учун ҳам имкониятларга эга бўлишди.
«Реал» «Бенфика»ни икки ўйинда ҳам мағлуб этди. Икки ўйинда ҳам ғалаба голини Винисиус Жуниор урди. Лиссабондаги ўйин у ва Жанлука Престианни ўртасидаги ирқчилик можароси билан ёдда қолганди. Якунда аргентиналик футболчи жавоб ўйини учун дисквалификация қилинди, бразилиялик эса голини бу сафар ҳам байроқча олдида рақс тушиш билан нишонлади (Португалиядаги ўйинда у айнан шундай ҳаракатидан кейин ирқчилик ҳужумига учраганди).
Мбаппе йўқлигида айнан Винисиус барча масъулиятни ўз зиммасига олмоқда ва ўйинларни ҳал қилмоқда.
Жозе Моуринио эса умумий гуруҳ босқичида мадридликларни мағлуб этиб, ўтиш ўйинларига ўтганди, аммо яна шу рақибга дуч келиб, икки ўйинда ҳам ютқазди.
1/8 финалда ким ким билан ўйнайди?
Бунгача умумий гуруҳ босқичида дастлабки саккиз ўринни эгаллаган жамоалар ЕЧЛ 1/8 финалига тўғридан тўғри йўлланма олганди. Булар «Арсенал», «Бавария», «Ливерпул», «Тоттенҳэм», «Барселона», «Челси», «Спортинг» ва «Манчестер Сити». Ўтиш босқичидан ўтган саккиз жамоа уларга қўшилди.
Нимчорак финалда ким кимга қарши ўйнаши қуръа орқали аниқ бўлади. Лекин ҳозирдан жамоалар эҳтимолий рақибларини билишади.
«Арсенал» – «Байер» ёки «Аталанта»
«Бавария» – «Байер» ёки «Аталанта»
«Ливерпул» – «Атлетико» ёки «Галатасарой»
«Тоттенхэм» – «Атлетико» ёки «Галатасарой»
«Барселона» – «ПСЖ» или «Нюкасл»
«Челси» – «ПСЖ» ёки «Нюкасл»
«Спортинг» – «Реал» ёки «Будё-Глимт»
«Манчестер Сити» – «Реал» ёки «Будё-Глимт»
«Реал» – «Спортинг» ёки «Манчестер Сити»
«ПСЖ» – «Барселона» ёки «Челси»
«Ньюкасл» – «Барселона»ёки «Челси»
«Атлетико» – «Ливерпул» ёки «Тоттенҳэм»
«Аталанта» – «Арсенал» ёки «Бавария»
«Байер» – «Арсенал» ёки «Бавария»
«Галатасарой» – «Ливерпул» ёки «Тоттенҳэм»
«Будё-Глимт» – «Спортинг» ёки «Манчестер Сити».
1/8 финал учун қуръа 27 феврал куни ташланади. Бу босқичда дастлабки ўйинлар 10 ва 11 март, жавоб учрашувлари – 17 ва 18 март кунлари бўлиб ўтади.