Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чилонзорда аҳоли норозилигини уйғотган боғча қурилиши суд қарори чиққунга қадар тўхтатилди
Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 9-мавзесида хусусий болалар боғчаси қурилиши суд қарори чиққунга қадар тўхтатилди. Аҳоли шикоят билан судга мурожаат қилган.
Kun.uz 2 март куни «Тошкентда яна бир тадбиркор «дом»лар орасига хусусий боғча қурмоқчи. Маҳалладагилар бунга қарши» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.
Унда тадбиркор Чилонзор туманининг 9-мавзесида жойлашган 17-, 19-20-уйлар оралиғида хусусий боғча қуришни режалаётгани, аммо маҳалла аҳли бу қурилишдан норози бўлаётгани ҳақида сўз боради.
Кўп ўтмай, Чилонзор тумани «Карьера Образования» МЧЖ бу ерда хусусий боғча қуришни бошлади.
16 март куни Чилонзор туман ҳокимлиги бу хусусий боғчанинг қурилиш ишлари суд қарори чиққунга қадар тўхтатилганини маълум қилди.
«Ҳужжатлар базасига эътибор қаратадиган бўлсак, Чилонзор тумани ҳокимлигининг тегишли мутасаддилари берган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги ПҚ-3305-сонли қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 22 январдаги 110-сонли ҳамда мутаносиб равишда Чилонзор туман ҳокимининг 2018 йил 23 январдаги 85-сонли қарори қабул қилинган.
Бу қарорга аҳолининг эътирозлари ҳисобга олиниб, ажратилган ер майдони бироз ўзгартирилиб, Чилонзор тумани ҳокимининг 2018 йил 10 апрелдаги 440-сонли қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, Чилонзор тумани, 9-мавзе, 17-, 19- ва 20-уйлар оралиғида умумий майдони 0,15 гектар ер майдони «Карьера Образования» маъсулияти чекланган жамиятига хусусий мактабгача таълим муассасасини янгидан ташкил этиш учун ажратиб берилган. Бундан ташқари, ушбу қарорга кўра Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг 2020 йил 15 сентябрдаги 21922801/72-сонли архитектура ва режалаштириш топшириғи ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2020 йил 24 декабрдаги 4684-сонли хулосалари ҳам берилган.
Лекин шунча асослантирувчи ҳужжатлар бўла туриб, нега тадбиркор ўз ишини бошлай олмади?
Бунинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳужжатлар тўпланган пайтда фаолият олиб борган маҳалла раиси ва ширкат раҳбарлари аҳоли билан кенгашмаган. МФЙ томонидан шунчаки, баённома тузилган.
Ҳозирда ушбу маҳаллада МФЙ раиси бўлиб ишлаётган Парда Эргашевнинг маълумотларига кўра, аҳоли маҳалла ҳудудидаги яшил майдонни сақлаб қолиш ниятида.
Шу боис, «Қатортол» маҳалласидаги 17-, 19-, ва 20-уйлар аҳолиси ўз норозилигини билдириб, ушбу низоли вазиятни суд орқали ҳал қилишга қарор қилган. Бугунги кунда аҳоли томонидан судга ариза топширилган ва иккала томон суд қарорини кутишга келишишган.
Шу боис, ҳозирда «Қатортол» маҳалласидаги хусусий МТТнинг қурилиш жараёнлари суд қарор чиқаргунча муддатга тўхтатилган», дейилади Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборотида.
Мавзуга оид
08:58
Тошкентдаги кўчалардан бирига Мустафо Камол Отатурк номи берилади
10:15 / 16.06.2026
Тошкентда 9-синф битирувчиси ҳайдаган BYD автобус билан тўқнашди
08:35 / 15.06.2026
Тошкентда реновациянинг биринчи босқичи бошланди
11:09 / 13.06.2026