20:15 / 19.03.2021
6998

ДСҚ 1,2 трлн сўмдан ортиқ ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олиш фактлари тасдиқланганини маълум қилди

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, 19 мартда ўтказилган камерал текширув натижасига асосан 8 529та корхонада (1,2 трлн сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланган. 

Давлат солиқ қўмитасининг хабар қилишича, жорий йилнинг 19 март ҳолатига республика бўйича 8 796та корхонада 1 284,5 млрд сўмлик асоссиз ҳисоб(зачёт)га олинган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) суммаларига аниқлик киритиш бўйича камерал солиқ текширувлари якунланган.

Натижада:

– 8 529та, яъни 97 фоиз корхонада (1 214,6 млрд сўм) «сохта» операцияларни амалга ошириш фактлари тасдиқланди. Шундан 100та, яъни 1,1 фоиз (23,5 млрд сўм) ташкилотда ҚҚС суммасини ноқонуний ҳисоб(зачёт)га олиш факти қисман тасдиқланди;

– 267та, яъни назорат тадбирлари ўтказилган 3 фоиз солиқ тўловчилар томонидан 46,4 млрд сўмлик ҚҚС суммасини тўғри ҳисоб(зачёт)га олганлик ҳолатлари бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Шу сабабли улардан ортиқча олинган маблағларни қайтариш бўйича тезкор жараёнлар бошланди.

«Шунингдек, камерал солиқ текширувлари натижасида контрагентлар хатолари тасдиғини топган бўлса-да, камчиликларини тан олган 352та субъектга 53,9 млрд сўмлик бюджетга тўланиши лозим суммаларни жорий йил якунига қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашларига рухсат берилди», — дейилади расмий хабарда.

Aввалроқ «обналчи»лар иши юзасидан тадбиркорлар солиқ органини судга бергани маълум қилинган эди.

Top