Жамият | 19:38 / 22.03.2021
62120
4 дақиқада ўқилади

Мактабда боласини урган асакалик ўқитувчи воқеаси: директор видеони тарқатиш орқали ундан қасд олмоқчи бўлганми?

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу ҳолат Андижон вилояти Асака туманидаги мактаблардан бирида содир бўлган, ўқувчини урган ўқитувчи унинг онаси бўлган.

Асака туман халқ таълими бўлими воқеа тумандаги 49-мактабда содир бўлганини маълум қилди. ХТБ муносабатида мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси М.У. ўз фарзандини калтаклагани айтилган.

Kun.uz мухбири ўқитувчи М.У. билан боғланди ва айрим жиҳатларга ойдинлик киритди.

Воқеа шу йил 13 март куни содир бўлган. Мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси 1-синфда ўқийдиган фарзандини тадбирга кирмасдан кетиб қолгани ва тўполон қилгани учун жазо тариқасида урганини маълум қилди.

Ўрганиш давомида айрим масалалар эътиборни тортди. Масалан, видеотасвир директорнинг хонасидаги компьютердан тушириб олиниб тарқатилгани, туман халқ таълими бўлими томонидан берилган муносабатдаги чалкашликлар.

ХТБ ўз муносабатида ўқитувчининг исм-фамилияси, туғилган йили, яшаш жойи, қачон ва нечанчи сонли буйруқ билан ишга олинганини очиқ ёзган. Бу эса ижтимоий тармоқларда аёл ўқитувчи шаънига турли ҳақоратлар ёғилишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, расмий муносабатда «М.У. ушбу мактабнинг 4-«b» синфида таҳсил оладиган фарзанди И.М.ни калтаклагани, ўқувчи дарс вақтида сўроқсиз уйига кетиб қолгани учун синф раҳбари Ш.Эргашева ўқувчини суриштириб, у дарсда иштирок этмаганини онасига айтгани, шундан кейин она аччиқ қилиб ўз фарзандини ургани», – дея тушунтирилган.

Аслида эса М.У. 1-синфда ўқийдиган фарзанди М.М.ни жазолаган. Бундан ташқари, синф раҳбари Ш.Эргашева ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот тарқатмагани ойдинлашди.

М.У.нинг таъкидлашича, мазкур видео атайин интернетга тарқатилган бўлиши мумкин. Бунга сабаб М.У. бироз муддат аввал мактабдаги қинғирликлар ва директорнинг фаолиятидаги ноқонуний ҳаракатлар юзасидан вилоят халқ таълими бошқармасига мурожаат қилган. Шундан сўнг, видео воқеа содир бўлгандан 8 кун ўтиб, тармоқларга тарқатилган.

49-мактаб директори Умиджон Мирзахолиқов билан ҳам суҳбатлашдик.

Таълим маскани раҳбари видео тарқалишига бошқа бир тўгарак раҳбарини сабабчи қилиб кўрсатди. Унинг таъкидлашича, М.У. бундан аввалроқ, 4-синф ўқувчисига танбеҳ берган ва боланинг ота-онаси М.У.нинг устидан шикоят билан келган. Ота-она видеокамералардаги ёзувни кўрсатишни сўрашган ва улар М.У. фарзандини ураётгандаги ҳолатни ўзларига кўчириб олишган. Директор бу ҳолатдан бехабар бўлганига урғу берди.

Асака туманидаги 49-мактаб директори Умиджон Мирзахолиқов

Директор М.У. вилоят ХТБга шикоят ёзганини тасдиқлаб, ариза юзасидан текширув ўтказилгани ва текширув хулосаси ҳали тақдим этилмаганини айтди.

Шунингдек, У.Мирзахолиқов шикоят қилиб келган ота-она М.У. устидан прокуратурага шикоят қилганини ҳам айтиб ўтди. Бироқ М.У. бундай ҳолат юз бермагани ва прокуратурадан чақирув олмаганини айтмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, ушбу таълим муассасасида муҳит бузилган ва бу таълим жараёнига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу билан бирга, ўз фарзандини калтаклаган ўқитувчи аёлнинг қилмишини оқлаб бўлмаслигини ҳам таъкидлашни истардик.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид