Ўзбекистон | 11:26 / 24.03.2021
9496
5 дақиқада ўқилади

Кадастр агентлигига қўшимча ҳуқуқлар берилади

Президентнинг “Ердан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу соҳада давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ердан фойдаланиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини янада ошириш мақсад қилинган.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилади:

ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини мониторинг қилиш;

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларини амалга оширганлик юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш.

Белгиланишича:

  • 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб енгил қурилмаларга, кўчмас мулк объектларига, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан бирга, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри билан интеграциялашган матрицали штрих код (QR-код) бириктирилиши;
  • 2021 йил 1 августдан бошлаб янги ажратилган ер участкаси ёки қурилган (қурилиши тугалланмаган) бошқа кўчмас мулк объектининг фасад қисмида уларнинг эгалари томонидан QR-код жойлаштирилиши;
  • 2021 йил 1 августга қадар барча ер фонди участкалари, бино ва иншоотлар, шу жумладан енгил қурилмалар хатловдан ўтказилиб, давлат реестрига QR-код орқали бириктирилиши;
  • 2021 йил 1 сентябрга қадар барча ер участкаларида ёки уларда жойлашган бино ва иншоотларнинг фасад қисмида тўлиқ QR-код жойлаштирилиши таъминланади.

QR-кодда ер участкасини ажратиш бўйича рухсат берувчи ҳужжат (баённома)дан кўчирма, қурилиш (жойлаштириш) объекти тоифаси, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа зарур маълумотлар акс эттирилади.

Белгиланишича, агентликнинг туман (шаҳар) бўлинмаси:

  • ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу объектга кириш учун вақтинча чеклаш бўйича далолатнома тузади ва зарур ҳолларда унинг атрофини тўлиқ лента билан ўраб олади;
  • вақтинча чеклов ўрнатилган, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси (бино, иншоот)ни бўшатиш, унда жойлашган ноқонуний қурилиш объектини ихтиёрий бузиб ташлаш тўғрисида қурилишни амалга оширган (ошираётган) жисмоний шахсга ёки юридик шахс раҳбарига (унинг вакилига) қатъий ҳисоби юритиладиган рақамланган махсус огоҳлантирувчи ёзма кўрсатма беради.

Ёзма кўрсатма талаби 15 кунлик муддатда бажарилмаганда:

  • агентликнинг ваколатли мансабдор шахси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади ҳамда ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаси (бино, иншоот)ни бўшатиш ва ер майдонини ўз ҳолатига келтириш бўйича судга даъво аризаси киритади;
  • ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахс(лар) ёхуд ваколатли бошқа давлат органи томонидан ноқонуний қурилиш объектини мажбурий буздириш бўйича судга даъво аризаси киритилишига рухсат берилади.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда тегишли рухсат берувчи ҳужжатларда белгиланганидан ортиқча ердан фойдаланиш ҳолатлари юзасидан ушбу объектга кириш учун вақтинча чеклаш талабига бўйсунмаслик ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик этиб баҳоланади ва белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан:

  • агентликнинг ваколатли мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобил қурилма (планшет) орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади ва ҳуқуқбузарга ахборот-телекоммуникация тармоғи орқали ушбу баённоманинг электрон ёки қоғоз шаклини тақдим этади;
  • баённомани тузувчи мансабдор шахс ҳуқуқбузарнинг биометрик ҳужжатларини планшет ёрдамида ёки юз тузилишини расмга олиб ёхуд бармоқ изларини тушириш орқали реал вақт режимида Ички ишлар вазирлиги ва (ёки) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази базасидан унинг шахсини аниқлайди;
  • ҳуқуқбузар баённомада кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни ўзи содир этганига эътироз билдирмаган тақдирда, у баённомани планшетдаги махсус сканерловчи ускуна орқали бармоқ изларини тушириш йўли ёки электрон график имзоси билан тасдиқлайди. Ҳуқуқбузар ўз жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиш ёки имзолаш имкониятига эга бўлмаса, баённома унга ўқиб эшиттирилади ва ваколатли мансабдор шахс томонидан бу ҳақда баённомага белги қўйилади;
  • ҳуқуқбузарга тайинланган жаримани “Электрон ҳукумат”нинг ягона биллинг тизими орқали масофавий тўлаш имконияти яратилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид