Ўзбекистон | 15:08
1923
2 дақиқада ўқилади

Кадастр агентлигига янги раҳбар тайинланди

Президент Садриддин Турдиевни Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. У бунгача Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида прокурорлик қилган. Унга ўринбосарлар ва маслаҳатчи ҳам тайинланди.

Фото: Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси

Президентнинг тегишли қарори билан Садриддин Абдуллаевич Турдиев Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда қўмита хабар бермоқда.

Қайд этилишича, 11 июн куни агентликда ўтган ушбу кенгайтирилган йиғилишни Урбанизация қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев олиб борди. Унда Кадастр тизими фаолиятини такомиллаштириш, бугунги вазият ва олдинда турган асосий вазифалар таҳлил қилинди.

Турдиев муқаддам Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида прокурорлик қилган. Ҳозирга қадар Бош прокуратурада бошқарма прокурори бўлиб лавозимида ишлаб келаётганди. 

Бундан ташқари, Президент администрация раҳбари Саида Мирзиёеванинг фармойиши билан:

  • Мурод Мухторович Файзуллаев – директорнинг биринчи ўринбосари (Тошкент шаҳри Кадастр бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган);
  • Алишер Абдуазизович Ҳафизов – директор ўринбосари;
  • Мирсаид Содиқович Мирмақсудов – директор ўринбосари;
  • Тўлқин Мансурович Абдуллаев – директор ўринбосари бўлди.

Агентлик раҳбарининг собиқ ўринбосари Абдушукур Абдуллаев эса Кадастр агентлиги директорининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Кадастр агентлигининг аввалги раҳбари Фаррух Пўлатов 2025 йил ноябр ойида Солиқ қўмитаси раҳбарлигига ўтказилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид