Ўзбекистон | 21:08 / 26.03.2021
49058
7 дақиқада ўқилади

Совхоз раҳбарлигидан ҳокимликкача, икки президент даври ва танқидлар ҳақида — Шуҳрат Абдураҳмонов билан катта интервью

Йиллар давомида ўзбекистонлик амалдор, сиёсатчилар нафақат дунё, балки ўзбек жамияти учун ҳам ёпиқ кишилар эди. 

Матбуотда амалдорлар шахсияти, оиласи ҳақида маълумотлар деярли учрамас, уларнинг жамият, сиёсат борасидаги фикрлари эса фақат «қизил гаплар» билан чегараланарди.

Охирги вақтларда бу «музлик даври» эриб, ўзбек амалдорлари ва сиёсатчилари матбуот учун очила бошлади. Жамиятда аста-секин амалдорлар ва уларнинг шахсияти борасида фикрлар шаклланяпти.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновни матбуот ва ижтимоий тармоқларда қаттиққўл, сўконғич, қаҳри қаттиқ, ва жаҳлдор бир инсон сифатида кўпроқ танишади. Ҳар ҳолда унинг вилоятдаги турли ички йиғилишлар, селекторларда айтган кескин фикрлари, танқидларини одамлар яхши эслашади.

Kun.uz вилоят ҳокимлари билан интервьюларини айнан Шуҳрат Абдураҳмоновдан бошлади.

Шуҳрат Абдураҳмонов ҳокимликка келиши, Шавкат Мирзиёев ва Ислом Каримовнинг эътиборига тушиши ҳақида

— Агар ҳар бир инсон бугунги ўзгарувчан замонга мослашмаса, ўз устида ишламаса, интилмаса, ўқимаса четга чиқиб қолади.

Мен совет иттифоқи даврида ҳам, биринчи президент даврида ҳам ва ҳозир ҳам ишлаяпман. Ҳар учала даврни бир-бири билан солиштира оламан.

Замонга, талабга мослашишга интилаётганим учун ҳам узоқроқ ишлаб келаётгандирман.

Вилоят ҳокимлигига келишимнинг асл сабабчиси (буни сиз ва томошабинлар тўғри қабул қилишини сўрайман) ҳозирги президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.

2004 йилда мени Пахтаобод туманидаги аҳволи жуда оғир совхозга раис қилиб юборишди. Ўша пайтда совхознинг пахта «план»и 23 фоиз эди.

Унинг орқадалиги эса ҳудуд Қирғизистон билан чегарада жойлашгани бўлган. Аммо икки давлат чегараси ҳатто сим тўсиқ билан ҳам белгиланмаганди.

Ўша пайтда биз томондан 10 сўмлик чигитни у томонга ўтказиб, 100 сўмга, 10 сўмлик нефтни у томонга ўтказиб, 100 сўмга сотишарди. Пахтанинг нархи ҳам шундай эди.

Ўша йили кам ухлаб бўлса ҳам, чегарада таёқ кўтариб юриб, совхознинг пахта режасини туманда биринчи бўлиб бажарганман.

Буни ўша пайтдаги бош вазиримиз Шавкат Мирзиёев эшитган экан, эътиборига тушдим. Ўзи шахсан мени чақириб, қабул қилган, суҳбатлашиб, қандай қилиб бу натижага эришганим ҳақида сўраган.

Очиғини айтаман, бошида жуда қўрққанман. Ҳали жуда ёш эдим ва аҳволи оғир жойда раҳбарлик қилиб, кадр сифатида синиб қолишим ҳам мумкин эди.

Шундан кейин бош вазиримиз биринчи президентимизга мен ҳақимда ахборот берган. Эплайди бу дея, Пахтаобод туманига ҳокимликка қўйишди.

Андижонда жами 14та туман бўлса, ўша пайтларда Пахтаобод тумани пахта, ғалла режасини бажариш бўйича 13-ўринда юрарди. Берилиб ишлаб, ҳаракат қилиб, туманни республикада биринчи ўринга олиб чиққанман.

Пахтаободда 6 йиллик ҳокимликдан кейин Андижон вилояти ҳокимига қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосар бўлиб ўтдим.

Вилоят ҳокими ўринбосари сифатида ҳам икки йил ишладим.

2013 йил 1 апрелда эса мени вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи қилиб тайинлаш бўйича Ислом Каримовнинг фармойиши чиққан. Яхши эслайман, ўша куни отам вафот этганди.

Икки президент даврида ҳам вилоятга ҳокимлик қилиб келаётган Шуҳрат Абдураҳмонов бу даврлар орасидаги фарқни нималарда кўради?

— Аввалги даврларда биздан сўров кам бўларди. Яъни халқни ҳаётдан рози қилиш деган гап йўқ эди. Асосий сўров пахта, ғалла, пилла ва яна 4-5та кўрсаткич бўйича бўларди.

Ҳокимларнинг ҳам қўл-оёғи боғланган, ҳар бир қадамимиз назоратда бўларди. Иккинчидан, ҳеч қандай молиявий имкониятимиз йўқ эди.

Ҳозир эса қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, ижтимоий соҳа ва умуман ҳамма соҳа тўлиқ ҳоким назоратида. Ҳокимлар ҳаттоки ҳарбий, маъмурий секторни ҳам бошқаради.

Авваллари вилоятда ҳоким ҳам кўп бўлган. Тўғриси, ҳамма ўзига ўзи ҳоким эди. Ҳозир халқнинг олдида ҳам, президентнинг олдида ҳам битта одам жавоб беради.

Авваллари бирор қишлоққа борсак ва у ерда қайсидир муаммо ҳақида гапирилса, биз уни ҳал қилиш учун аввал Молия вазирлигига хат ёзардик. Вазирлик эса пул ажратса ажратарди, бўлмаса йўқ.

Шунинг учун бизга маҳаллаларга боришнинг қизиғи ҳам йўқ эди. Ҳозир юрган йўлимизда муаммоларни ҳал қилиш билан ишлаяпмиз.

25 йил тўпланиб қолган муаммоларни 2-3 йилда ҳал қилиш осон эмас.

Ҳоким кадрлар ротацияси ҳақида

— Агар раҳбар битта вазифада ишлаб келаётган ва ўша вазифада халқ, раҳбарият ишончини қозонаётган бўлса, уни чегараламаслик керак.

Шуҳрат Абдураҳмонов учун садоқатли ва замонавий раҳбар ким?

— Бундай кадрлар берилган топшириқни, қўйилган вазифани соғлиғини, вақтини аямасдан бажаради, номига қилмайди.

Шундай раҳбарлар ҳам борки, вақтини соатма-соат ҳисоблайди, қўл учида ишлайди.

Танқидлар ҳокимнинг иш фаолияти ва дунёқарашига қанчалик таъсир ўтказади?

— Танқид – келажак меваси. Бугун ҳеч қайси раҳбар қилаётган ишидан қониқмаслиги керак.

Фаолиятим бўйича тўғри билдириладиган танқидларни 200 фоиз тўғри қабул қиламан.

Шуҳрат Абдураҳмонов мурожаатчи аёлларнинг «эсини киритиб қўйгани», кескин савол берган журналистларни жазолаши ва Тошкентдан  келган мухбир ҳам унга кескин савол беролмаслиги бўйича айтган фикрлари ҳақида

— Юқорида айтдим, мен 3та даврда ишлаган одамман. Одам бирпасда у ёққа ёки бу ёққа ўзгариб кетиши учун у хамелеон бўлиши керак. Биз ўз вақтида қаттиққўллик билан ишланадиган замонларни ҳам кўрдик. Ҳозир эса замон бундай ишлашни кўтармаяпти.

Яқин даврларда чиқаётган аудиоларни эса кимлардир бир сўзни иккинчисига қўшиб, монтаж қилиб чиқаётгани бор нарса.

Ҳамма жойда қонун бор. Мен бугун мурожаатчини фалончига қама десам, уни қамаб юборавермайди. Қонуний чорасини кўринглар, деган бўлишимиз мумкин. Лекин шу сўзларга бошқаларини қўшиб монтаж қилингани бор гап.

Бу ҳужжатлар менда ҳам турибди.

Битта гап билан бир кишининг ҳамма ишини йўққа чиқариш керак эмас. Мен журналист ва блогерларга ҳар доим очиқман. Улар тўғри савол билан мурожаат қилса, мен ҳам жавоб беришга тайёрман.

Раҳбарнинг кимлигини халқдан сўраш керак.

Интервьюнинг давомини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи: Отахон Юсупов.

Мавзуга оид