Жаҳон | 09:41 / 26.03.2021
13493
3 дақиқада ўқилади

Сувайш каналини тўсиб қўйган кемани йўлдан олиш ишлари бир неча ҳафта чўзилиши мумкин 

Фото: Getty Images

Сувайш каналида тиқилиб қолган Ever Given контейнер ташувчи кемасини саёзликдан олиш бўйича ишлар бир неча ҳафта давом этиши мумкин. Бу ҳақда ушбу ишлар билан шуғулланаётган Boskalis компанияси раҳбари Питер Бердовски маълум қилди.    

“Биз ушбу жараён вазиятдан келиб чиқиб бир неча ҳафта вақт олиши мумкинлигини истисно қилмаймиз”, деб айтган Бердовски. У кемани “соҳилга чиқиб қолган улкан китга” қиёслаган. 

Улкан кема 23 март куни каналда кўндаланг туриб қолиб, у орқали кемалар қатновини тўлиқ тўхтатиб қўйганди. Дастлаб кемани йўлдан олиш бўйича ишлар 2-3 кун давом этиши тахмин қилинганди. 

Бердовскининг таъкидлашича, кемани саёзликдан олиш учун турли усуллар қўлланиши мумкин, жумладан, унинг оғирлигини камайтириш учун ундаги контейнерлар, нефт ва сувни олиш, кемани буксирлар билан тортиш ва тагидаги қумни олиш кўзда тутилмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда кема атрофидаги канал тубини чуқурлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бир вақтда, улкан буксирлар уни каналнинг чуқурроқ қисмига тортишга ҳаракат қилмоқда. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, канал яна бир неча кун, ҳаттоки ҳафталар давомида тўсилган ҳолда қолиши мумкин ва бу жаҳон савдосига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Уларнинг таъкидлашича, агар канал орқали қатнов яна 1-2 кун ичида очилмаса, у ерда тўпланиб қолган кемалар белгиланган манзилларига Африка атрофи бўйлаб йўналтирилиши мумкин. Бу эса йўлга кетадиган вақтнинг бир ҳафтага чўзилишига олиб келади.

Таъкидланишича, ҳозирда канал атрофида йўлини давом эттира олмаётган 150дан кўпроқ кема тўпланиб қолган. 

Бу орада америкалик мутахассис Лоуренс Бреннан каналда қолаётган кема икки қисмга бўлиниб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Бу эса янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. “Кема эгалари уни кўздан кечириб чиқишлари керак. Кема суратлари унинг тумшуғи соҳилга чуқур кириб кетгани, орқа қисми эса сувда турганини кўрсатмоқда. Бу кемага қўшимча зарар етишига олиб келиши мумкин. Агар кема жойидан қўзғатиб бўлмайдиган икки қисмга бўлиниб кетса, унда бу канални узоқ вақтга тўсиб қўяди”, деб таъкидлаб ўтган мутахассис.

Мавзуга оид