АҚШ Мудофаа вазирлиги қўшинлари Кариб денгизи ҳудудида, гиёҳванд моддаларни ташишда қўлланган, деб даъво қилинаётган кемага берган зарба натижасида уч киши ўлдирилди. «Бугун президент Трамп кўрсатмасига биноан, Мудофаа вазирлиги Кариб ҳавзасида гиёҳвандлар савдоси билан шуғулланувчи террористик ташкилот (DTO) томонидан бошқарилган яна бир кемага ҳалокатли зарба берди», — деб ёзди Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет 2 ноябр куни X ижтимоий тармоғида.
Америкалик вазирнинг (АҚШ разведка маълумотларига таянган) баёнотига кўра, «ушбу кема, бошқалар каби, гиёҳванд моддаларни контрабанда қилишда иштирок этган». «Халқаро сувларда амалга оширилган ҳужум пайтида кема бортида уч нафар эркак — наркотеррорист бўлган. Уларнинг учаласи ҳам ўлдирилди, АҚШ ҳарбий хизматчилари орасида жабрланганлар йўқ», — деди Ҳегсет.
Associated Press маълумотларига кўра, бу сентябр ойи бошидан Кариб денгизи ва Тинч океаннинг шарқий қисмида гиёҳванд савдосида гумон қилинган кемаларга нисбатан амалга оширилган камида 15-ҳужумдир. Улар натижасида камида 64 киши ҳалок бўлгани қайд этилган. Оқ уй бу зарбалар, уларнинг қурбонлари ва бундай ҳужумларнинг ҳуқуқий асоси ҳақида расмий ахборот эълон қилмаяпти.
БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига кўра, дунёдаги ҳеч қайси давлат халқаро сувларда кемаларга ҳужум қилиш ҳуқуқига эга эмас. Истиснолар сифатида «қароқчилик ёки қул савдоси» айтиб ўтилган, гиёҳванд моддалар ташиш бу рўйхатга кирмайди. БМТ низомининг 51-моддасида назарда тутилган ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқи эса фақат қуролли ҳужумга жавоб тарзида куч ишлатишни қонунийлаштиради, деб ёзади Insider нашри.
АҚШ президенти Доналд Трамп 23 октябр куни Оқ уйда ўтказган матбуот анжуманида Венесуэладан мамлакатга гиёҳванд моддаларни олиб кирадиган «одамларни ўлдиришини» айтган эди. Журналистнинг АҚШ Конгрессидан Венесуэлага уруш эълон қилишга рухсат сўрайсизми, деган саволига Трамп: «Биз албатта буни сўраймиз, деб ўйламайман. Менимча, биз шунчаки мамлакатимизга гиёҳванд моддаларни олиб кирган одамларни ўлдирамиз», — деб жавоб берган.
У, шунингдек, Вашингтон «бу Лотин Америкаси давлатидан жуда норози» эканини таъкидлаб: «Биласиз, у ер навбатда», — деди. Reuters унинг сўзларини Каракасга қарши яқин орада ҳарбий операция эълон қилиниши дея талқин қилди.
Сентябр ойида АҚШ Венесуэла соҳиллари яқинида гиёҳванд савдосига қарши курашни асос қилиб, ҳарбий кемалар гуруҳини жойлаштирди ва ўзининг ҳудуди — Пуэрто-Рикога қирувчиларни юборди.















