Жаҳон | 13:26 / 03.09.2025
6242
4 дақиқада ўқилади

АҚШ наркотиклар ташилаётгани гумон қилинган 11 кишилик кемани портлатди

АҚШ ҳарбийлари Жанубий Кариб денгизида Венесуэлага тегишли гиёҳванд моддалар қайиғини портлатиб юборди. Оқ уй баёнотида зарба натижасида 11 нафар наркотеррорчилар ҳалок бўлгани айтилган. Таҳлилчиларга кўра эса «наркотик ташиётгани гумон қилиниши» ҳали ўлим жазоси, дегани эмас.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Биз охирги дақиқаларда гиёҳванд моддалар ташиётган қайиқни уриб туширдик», — деди Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида. Кейинроқ, Трамп видеони эълон қилди ва «бу ҳаракат АҚШга гиёҳванд моддалар олиб киришни ўйлаётган ҳар қандай кишига огоҳлантириш бўлиши»ни билдирди.

Видеода денгиздаги тезкор қайиқ юқоридан дрон орқали кузатув кадрларида портлаб, олов ичида қолган ҳолат кўринади. «Зарба натижасида 11 нафар террорчи жангда йўқ қилинди. АҚШ кучлари орасида қурбон йўқ», деди Трамп.

Бу, Трамп маъмурияти яқинда Кариб денгизининг жанубий қисмига ҳарбий кемаларни юборганидан кейинги илк маълум бўлган операция ҳисобланади. Пентагон зарба тафсилотларини, жумладан, қайси турдаги наркотик бўлгани, қанча миқдорда бўлгани ёки зарба қандай амалга оширилгани ҳақида маълумот бермади.

Фото: Reuters

Венесуэла ахборот вазири Фредй Нанес ижтимоий тармоқларда Трамп тарқатган видео сунъий интеллект ёрдамида яратилганини таъкидлади.

Кариб денгизида гумон қилинган наркотик кемасини портлатиш, уни қўлга олиш ва экипажни ҳибсга олиш ўрнига, жуда ғайриоддий қарор бўлди. «Наркотик ташиётгани гумон қилиниши — ўлим жазоси дегани эмас», дея Вашингтондаги Лотин Америкаси бўйича Мудофаа назорати директори Адам Исаксоннинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ жанубий Кариб денгизига ҳарбий кемалар юборган бўлиб, бу Трампнинг наркокартелларга қарши қатъий кураш олиб бориш ваъдасига амал қилишини кўрсатмоқда. Сешанба куни амалга оширилган зарба шу мақсаддаги илк ҳарбий операция бўлиб кўринди.

Давлат котиби Марко Рубио журналистларга: «Бу аниқ наркотиклар, эҳтимол, Тринидад ёки Кариб денгизидаги бошқа бирор давлатга кетаётган эди. Қисқа қилиб айтганда, президент АҚШдаги наркокартелларга ва гиёҳвандлик савдосига қарши ҳужумкор сиёсат олиб боради», деди. Трампнинг таъкидлашича эса кўплаб наркотик ташувчи қайиқлар Венесуэладан чиқмоқда, террорчилар Венесуэла президенти Николас Мадуро назорати остида ҳаракат қилмоқда.

Николас Мадуро / Фото: Getty Images

Мадуро эса ҳозирча зарба юзасидан изоҳ бермади. Трампнинг Мадурони алоҳида нишонга олиши Каракасда хавотир уйғотмоқда – Венесуэла ҳукуматида асл мақсад биз бўлишимиз мумкин, деган қўрқув бор.

Ўтган ой АҚШ Мадурони ҳибсга олишга олиб келадиган маълумот учун мукофотни 50 миллион долларгача — икки баробарга оширди. Уни гиёҳвандлик савдоси ва жиноий гуруҳлар билан алоқада айбламоқда. АҚШ Кариб денгизидаги флоти ва ҳарбий кучлари сонини ҳам анча кўпайтирди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид