19:32 / 27.03.2021
9788

«Бир кунда тўлаб берамиз. Қанча керак бўлса, пул бор» — Абдуҳакимов меҳмонхоналарга субсидиялар ҳақида

«2021 йил охиригача субсидия олиш учун камида 120–150 миллиард сўмлик мурожаатлар бўлиши кутилмоқда. Лекин бу субсидиялар чегараланган дегани эмас. Қанча керак бўлса, пул бор, фақатгина тезроқ қуриш лозим», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Азиз Абдуҳакимов

Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов жорий йилда ишга тушадиган меҳмонхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Субсидия ажратиш учун халқаро консалтинг компаниялари томонидан хулоса берилади. Яъни улар меҳмонхонани уч ёки тўрт юлдузли деб тан олишса, Молия вазирлиги ва қўмитамиз томонидан бир кун ичида субсидия пуллари ўтказиб берилади.

2021 йил охиригача субсидия олиш учун камида 120–150 миллиард сўмлик мурожаатлар бўлиши кутилмоқда. Лекин бу субсидиялар чегараланган дегани эмас. Ҳисобга қўшимча равишда меҳмонхона талабларига жавоб берган қурилишлар тезлаштирилиб, йил якунигача тамомланса, ҳеч қандай муаммосиз субсидияни ажратиб берамиз. Қанча керак бўлса, пул бор. Фақатгина тезроқ қуриш лозим.

Нимагаки, субсидиялар муддати аслида шу йил якунигача эди, лекин 2023 йилгача чўзиб бердик. Демак, агарда тадбиркорлар ҳозир қурилишни бошласа ҳам, уларга ажратиладиган маблағлар бюджет параметрларида кўзда тутилган.

Масалан, бугун очилган меҳмонхонага 8 миллиард сўм атрофида субсидия тўлаб берамиз», – деди Азиз Абдуҳакимов 26 март куни «Lumiere Hotel&SPA» меҳмонхонаси очилиш тадбирида.

Шунингдек, 2021 йил давомида 3, 4 ва 5 юлдузли 15 тадан 20 тагача меҳмонхона ишга туширилиши режалаштирилгани айтилди. Хусусан, йил охирига қадар Самарқанд вилоятида 8 та 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона ишга туширилади.

Бундан ташқари, юлдузга эга бўлмаган кўплаб меҳмонхоналар очилишидаги ташкилий ишларда қўмита ёрдам кўрсатиши таъкидланди.

Маълумот учун, 2020 йил давомида меҳмонхона бизнеси билан шуғулланувчи тадбиркорларга давлат бюджетидан 200 млрд сўмга яқин молиявий кўмак берилган. Меҳмонхоналар қурилишига ўртача ҳисобда 20–23 фоизлик қиймат давлат томонидан қоплаб берилиши айтилган.

Top