Ўзбекистон | 12:10 / 27.03.2021
4793
4 дақиқада ўқилади

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш тартиби белгиланмоқда

“Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш ва уларни молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • 2021 йилда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари манзилли рўйхати тасдиқланади.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган мезон ва шартларга мос келадиган, лойиҳани амалга ошириш жараёнида давлат бюджети маблағларидан капитал қўйилмалар учун йўналтириладиган маблағлар кўзда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини шакллантириб, уларнинг ҳар йилги Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилишини таъминлайди.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш тартибини белгилаш тўғрисидаги низомга кўра, у давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджетидан субсидиялар, бюджет ссудалари, кредит линияларини бериш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон консолидациялашган бюджети ҳисобидан ДХШ лойиҳалари учун ажратиладиган маблағлар ДХШ тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон давлат бюджети параметрлари ҳамда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган маблағлар доирасида ажратилади.

ДХШ лойиҳасини Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ҳисобидан молиялаштириш:

  • Ўзбекистон республика бюджети бўйича – Молия вазирлиги томонидан;
  • Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети бўйича - тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари молия бош бошқармалари томонидан;
  • вилоятлар туманлари ва шаҳарлари бюджетлари бўйича - туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари молия бўлимлари томонидан ҳар бир ДХШ лойиҳаси учун тўғридан тўғри, шунингдек давлат шериги ва (ёки) давлат шериги томонидан ваколат берган ҳамда унинг тузилмасига кирувчи қуйи ташкилотлари учун алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақларини очиш орқали амалга оширилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини бюджет ссудаси ҳисобига молиялаштириш Бюджет кодекси 140-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджети ҳисобидан қуйидаги тўловлар молиялаштирилади:

  • ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ ДХШ объектини қуриш, реконструкция қилиш, модернизация қилиш, таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш харажатлари учун тўловлар;
  • ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари, халқаро ва маҳаллий консалтинг ҳамда лойиҳалаштириш ташкилотлари билан консалтинг ва аудиторлик хизматларини кўрсатиш харажатлари учун тўловлар;
  • ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланиш (уни эксплуатация қилиш) ва (ёки) ушбу объектга хизмат кўрсатиш даврида ундан эркин фойдаланилишини таъминлаганлик учун давлат шериги томонидан амалга ошириладиган тўловлар.

Ўзбекистон консолидациялашган бюджети ҳисобидан ДХШ лойиҳалари учун режалаштирилган маблағлари - Молия вазирлиги ва (ёки) ҳудудий молия органлари томонидан тўғридан тўғри, шунингдек давлат шериги ва (ёки) давлат шериги томонидан ваколат берган ҳамда унинг тузилмасига кирувчи қуйи ташкилотлар орқали ажратилади.

Мавзуга оид