Ўзбекистон | 17:21 / 29.03.2021
9678
1 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида қуруқ, аммо салқин об-ҳаво кузатилади - «Ўзгидромет»

Дам олиш кунлари ёғган кучли ёмғирлар бугун эрталаб Ўзбекистон ҳудудидан чекинди. Аксарият вилоятларда бугун ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилди. Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийсининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиб ўтди.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, кейинги кунларда республиканинг чекка шимолий ҳудудларига Қозоғистон ҳудудидан бироз нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари кира бошлайди. Тошкент вилояти ва Фарғона водийсида 30-31 март ва 1 апрел кунлари баъзи жойларда нисбатан беқарор об-ҳаво кутилмоқда, қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 31 март куни Жиззах ва Сирдарё вилоятларида кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.

Жума куни кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бутун республика ҳудудини эгаллайди.

Март ойининг сўнгги кунлари ва апрел ойининг биринчи кунлари ҳаво ҳарорати кечаси 0-5 даража илиқ атрофида бўлади. 30-31 март ва 1 апрел куни кундузи ҳаво ҳарорати бироз салқин бўлиб, 7-10 даража илиқ атрофида бўлади. 2 апрелда илиқ ҳаво массалари кириб келади ва кундузи ҳарорат 14-17 даража илиққача кўтарилади.

Тошкент ва Наманган вилоятларининг 1600 метрдан юқори бўлган тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид