15:46 / 29.03.2021
12007

Венгрия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи бўйича расмий маълумот берилди

29-31 март кунлари Венгрия бош вазири Виктор Орбан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади.

«Бўлажак олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Венгрия етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган.

Бош вазир Виктор Орбан ташриф дастурига мувофиқ илмий ва тарихий объектлар билан танишади.

Ташриф якунида иқтисодиёт, энергетика, таълим ва кадрлар тайёрлаш, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик, бандлик ва меҳнат муносабатлари соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ вакиллари билан учрашув чоғида давлат раҳбарининг яқин кунларга мўлжалланган режалари, хусусан, Виктор Орбан бошчилигидаги делегация расмий ташрифи ҳақида маълумот берди. Унинг маълум қилишича, Виктор Орбаннинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви 30 март куни Кўксаройда бўлиб ўтади. Музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

«Музокаралардан кутилаётган асосий натижалардан бири – Ўзбекистон билан Венгрия муносабатлари сифат жиҳатидан янги бўлган стратегик даражага чиқишидир.

Венгрия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги энг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб, мамлакатларимиз кўп қиррали амалий шерикликни йўлга қўйган ва турли даражаларда фаол мулоқот қилиб келмоқда.

Хусусан, савдо-иқтисодий алоқалар ҳақида гапирганда, сўнгги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси деярли уч баробарга ўсган. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам ҳамкорлик самарали бўлиб, товар айирбошлаш ҳажми кўпайган.

Албатта, ҳозирги натижалар мавжуд салоҳиятга нисбатан анча кам. Ташрифдан асосий мақсад ҳам шу – товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш. Турли соҳаларда, жумладан, қайта ишлаш саноати, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, фармацевтика, туризм йўналишларида ҳали фойдаланилмаган жуда катта имкониятлар бор.

Шу боис бугун Тошкентда икки мамлакат Ишбилармонлар кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Хусусан, унда Венгриянинг ОТП-Банк, Эксимбанк, «Гедеон Рихтер», «Хунбас», «Витафорт», «Медитоп», «Хевеш-геп» каби 40дан зиёд йирик компания ва молиявий тузилмалари раҳбарлари қатнашиб, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини қўллаш мўлжалланган. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи ҳам келган.

Умуман айтганда, ташриф доирасида иқтисодиёт, энергетика, таълим, маданият, ҳудудлараро ҳамкорлик, бандлик масалалари бўйича 10га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг илмий-тадқиқот ва тарихий объектлар билан танишиши ҳам режалаштирилган. Ташриф 31 март куни якунланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top