Иқтисодиёт | 19:52 / 31.03.2021
10799
7 дақиқада ўқилади

Глобал инновацион пойгада Ўзбекистон иқтисодиёти қанчалик рақобатбардош?

Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига қандай геосиёсий, демографик ва тарихий омиллар тўсқинлик қилган? Республика ривожланган мамлакатларга боғлиқ бўлган технологик бўшлиқни қай даражада камайтириши ва постиндустриал иқтисодиётни яратиши мумкин?

Жаҳон ҳамжамиятига таъсир кўрсатган глобаллашув жараёнларининг жадаллашиши (пандемия, иқтисодий инқироз) Ўзбекистон иқтисодиёти ва жамиятининг кейинги ривожланиш истиқболлари тўғрисида танқидий фикр юритишни талаб қилади.

Шу ўринда бир неча савол жуда долзарбдир:

Биринчидан, сиёсий, иқтисодий ва молиявий мустақилликнинг асоси бўлган техник ва технологик нуқтайи назардан Ўзбекистон қанчалик мустақил.

Иккинчидан, Ўзбекистон ривожланган мамлакатларга боғлиқ бўлган технологик бўшлиқни қай даражада камайтириши ва постиндустриал иқтисодиётни яратиши мумкин, бу глобаллашув жараёнлари тезлашиши ва якунланиш даврида мамлакат омон қолишининг асосий шартидир.

Учинчидан, Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг ҳозирги ўсиш суръатлари ўрта муддатли истиқболда ўртача жаҳон стандартларига мос келадими ёки аҳолининг муносиб турмуш даражасини таъминлай оладими?

И.М.Губкин номидаги Россия Давлат нефть ва газ (МТУ) университетининг Тошкент шахридаги филиали илмий ходими PHD Закир Усманов Kun.uz мухбири билан суҳбатда глобализация пайтида юзага келиши мумкин бўлган бўшлиқни қандай енгиб ўтиш мумкинлиги ҳақида фикрларини билдирди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, Ўзбекистонда муаммоларни ҳал қилишда фақат иқтисодий нуқтайи назардан ёндашилмоқда. Дунёнинг ривожланган мамлакатларида ҳозирги пайтда фанлараро илмий ёндашув муаммоларни ҳал қилишда устунлик қилади.

Юқоридаги саволларга жавоб топишдан олдин, республика ривожланишига таъсир қилган омилларни келтириб ўтиш керак.

1. Географик жойлашув. Деярли ҳар қандай мамлакат тараққиётида энг муҳим жиҳат географик омил ҳисобланади. Ўзбекистон тўғридан тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга эмас. Агар Швеция, Корея ва Cингапур каби мамлакатлар иқтисодий ривожланишда маълум бир ютуқларга эришган бўлсалар, бу асосан уларнинг географик жойлашуви билан боғлиқ. Сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон иқтисодий ривожланишда катта ютуқларга эриша олмаганини асосан, денгизга чиқиш имконияти йўқлиги билан боғлаш мумкин. Натижада ҳам экспорт маҳсулотлари, ҳам импорт товарларининг нархи бир неча баравар қимматлашиб кетади. Импорт қилинадиган ускуналар ва зарур таркибий қисмлар нархининг ошиши тармоқларнинг ривожланишига ҳам таъсир кўрсатди.

2. Тарихий омил. Собиқ совет иттифоқи даврида республика марказга хомашё етказиб берадиган база вазифасини бажарган. Саноат деярли ривожланмаган. Мамлакатда мавжуд баъзи корхоналар (масалан, Тошкент трактор заводи)да ишлар рус тилида олиб борилган ва малакали мутахассисларнинг аксариятини руслар ташкил қилган. Мустақилликдан кейин мамлакат аҳолиси орасида малакали кадрлар жуда кам бўлган ва жаҳон стандартлари даражасида ишловчи мутахассислар бўлмагани ишлаб чиқариш жараёнининг йўлга қўйилишида катта муаммоларни келтириб чиқарган. Натижада бундай иқтисод нафақат моддий ва бошқа қадриятларни, балки талаб қилинадиган билим ва кўникмаларни тўплашга имкон бермаган. Бу ҳали ҳам аҳоли турмуш даражасига таъсир қилади ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини чекловчи муҳим омил ҳисобланади.

3. Демографик омил. Сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон аҳолиси 70 фоизга ошди (1991 йилдаги 20,5 миллион кишидан 2021 йилнинг 1 март ҳолатида 34,6 миллион кишига), қўшни Қозоғистон аҳолиси эса 7-8 фоизга ўсди (1991 йилдаги 17,5 миллион кишидан 2020 йилда 18,6 миллион кишига). Бундан ташқари, 2020 йилга келиб, (50,5 фоиз) шаҳар аҳолисининг улуши қишлоқ аҳолисига нисбатан ошди. Бу кўрсаткич 2009 йилда 37 фоизни ташкил қилган.

Катта истеъмол бозори шаклида аҳолининг кўпайиши маълум афзалликларга эга бўлса-да, ривожланаётган мамлакатлар учун, аксинча, бу салбий оқибатларга олиб келади. Меҳнат бозорига босимнинг кучайиши сифатли ривожланишга эътиборни қаратишга имкон бермайди.

4. Геосиёсий омил. Мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, Ўзбекистон собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатлари сингари, жаҳон майдонида ҳукмронлик қилишга интилаётган мамлакатларнинг геосиёсий босимини сезди (бу ҳолат ҳозир ҳам давом этмоқда). Шунингдек, Ўзбекистон Россия, Хитой, Эрон, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи манфаатлари тўқнашган минтақанинг марказида жойлашган.

Бевосита қўшнилар бўлган Афғонистондаги сиёсий низолар, Тожикистондаги фуқаролар уруши, Қирғизистондаги инқилоблар Ўзбекистоннинг сармоявий ва инвестициявий жозибадорлигига жиддий путур етказди. Бундан ташқари, нотинч вазият ҳарбий соҳага катта миқдорда маблағ ажратишни тақозо қилган.

Асосий мавзуга қайтадиган бўлсак – кечикишни қандай енгиш, мавжуд бўшлиқни қандай ёпиш керак, буни амалга ошириш мумкинми ўзи?

Глобаллашув жараёнлари тезлашиши ижобий ва салбий фазилатларни ўзида мужассам этган тенденциядир. Бир томондан, бу давлатлар ўртасидаги иқтисодий ўзаро алоқаларни осонлаштиради, мамлакатларга инсониятнинг илғор ютуқларига эришиш учун шароит яратади, ресурсларни тежайди ва жаҳон тараққиётини рағбатлантиради. Бошқа томондан, техник ва технологик жиҳатдан ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилиши натижасида ривожланиш даражаси кучаяди. Ривожланмаган мамлакатларда эса бу жараён ўз ресурсларини йўқотиш, кичик бизнеснинг хароб бўлишига олиб келади. Образли қилиб айтганда, бой мамлакатлар бойиб, камбағал мамлакатлар эса қашшоқлашади.

Мутахассиснинг фикрига кўра, ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини қайта кўриб чиқиб, иқтисодиёт таркибий тузилишини тубдан мураккаблаштириш, иложи борича тезроқ иқтисодиётнинг мураккаблиги кўрсаткичини ошириш керак.

Ҳарвард университети профессори Рикардо Ҳаусманнинг Иқтисодий мураккаблик коэффициенти (ИМК) назариясига кўра, мамлакат иқтисодиёти қанчалик мураккаб ва хилма-хил бўлса, шунчалик барқарор бўлади. Алоҳида мамлакатлар иқтисодиётининг мураккаблик даражаси қанчалик юқори бўлса, улар шунчалик барқарор ривожланади. Мураккаблик даражаси кам бўлган мамлакатлар иқтисодиёти эса тартибсиз ривожланади. Мураккаб иқтисодиёт инновацион ва ахборот соҳасидаги янгиликларни жорий қилишда муҳим аҳамиятга эга.

2019 йилдаги статистик маълумотлар бўйича иқтисодиётнинг мураккаблик даражаси жиҳатдан Ўзбекистон 157 давлат ичида 95-поғонани эгаллаган.

Тадқиқотчилар мамлакатлардаги жамоавий билимни уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турлари атамаларида ўлчаб кўришди. Фақат бир неча мамлакат тайёрлай оладиган маҳсулотлар (масалан, юксак технологик тиббий жиҳозлар, реактив двигателлар) ишлаб чиқарадиган мамлакатлар нисбатан соддароқ (пахта, нефть каби) товарлар ишлаб чиқарувчи мамлакатларга қараганда каттароқ жамоавий самарадор билимга эга бўлади.

Фақат ўта илғор технологияларга ихтисослашувгина барқарор, юқори даражадаги фаровонликка эришиш имконини бериши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида аҳоли билим захиралари қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик кўп маҳсулот ярата олади ва маҳсулот шунчалик мураккаброқ бўлади.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид