Жамият | 15:00 / 31.03.2021
18856
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон масжидларида Рамазон ойи ва Таровеҳ намозларига тайёргарлик бошланди

Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 апрел, шанба куни масжидларда «Озодалик куни» ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш, уни юқори савияда ўтказиш ва Таровеҳ намозларида мўмин-мусулмонларга қулай шарт-шароитлар ҳозирлаш мақсадида масжидларда тайёргарлик ишлари бошланди.

Жумладан, масжидларда Таровеҳ намозларига қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш мақсадида, жорий йилнинг 10 апрел, шанба куни «Озодалик куни» ўтказилади.

Коронавирус касаллиги билан боғлиқ мураккаб вазият давом этаётганини инобатга олган ҳолда, Таровеҳ намозларида санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилади. Хусусан, намозхонлар тиббий ниқобда бўлиш, оралиқ масофани сақлаш, ташриф буюрувчилар тана ҳароратини ўлчаш, антисептик воситалардан фойдаланиш каби карантин тартиб-қоидаларига риоя қилади.

«Масжидларда электр, газ ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда намоз ўқиладиган жойлар муҳофазасига катта эътибор қаратилади, техник жиҳозларнинг созлиги кўрикдан ўтказилади.

Имом-хатиблар томонидан ОАВ ва интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этган чиқишлари қилинади. Шунингдек, масжидлардаги Таровеҳ намозларининг шукуҳи, мўмин-мусулмонларнинг хушкайфияти ҳам кенг ёритилади», дейилади хабарда.

 

Мавзуга оид