Нуфузли халқаро ташкилотларда масъул лавозимларда ишловчи ватандошларимиз талайгина. Биз Бирлашган Араб Амирликларига сафаримиз давомида дунёдаги энг йирик аудит-консалтинг компанияларидан бири – KPMGда фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Музаффар Салаев билан суҳбатлашдик.
Музаффар Салаев айни пайтда KPMGнинг БААдаги офиси Солиқ ва инвестициялар бўлими раҳбари сифатида фаолият олиб бормоқда.
Ҳамюртимиз 1997 йилдан буён солиқ, аудит ва молиявий консалтинг соҳасидаги халқаро компанияларда ишлаб келмоқда. Нолинчи йиллар бошларидан Россия, Хитой, Қатар каби давлатларда ҳам яшаган.
Ўзининг ҳикоя қилишича, барчаси инглиз тилига қизиқиши ва халқаро компанияда ишлаш истагидан бошланган.
Талабанинг халқаро компанияда ишлаш истаги
— 1997 йилда, Тошкентдаги Дипломатия университетининг сўнгги босқичида ўқирдим. Инглиз тилини билишим сабабли чет эл компаниясида ишлаб кўриш хоҳиши уйғонган. Ўша пайтлари Тошкентда чет эл фирмалари анча кам эди, аммо биз инглиз тилига қизиққанимиз ва Дипломатияда ўқишимиз сабаб, университетимизга чет эл компаниялари вакиллари тез-тез келиб туришарди.

Аудит йўналишида жаҳонда тўртта энг йирик компания бор – Deloitte, Ernst & Young, KPMG ва PricewaterhouseCoopers. Шулардан бири – Deloitte вакиллари ўқишимизга келгач, ишлаб кўриш хоҳишим борлигини айтганман. Нуфузли, яхши маош тўлайдиган, халқаро компания экани ўзига тортган.
У пайтлари иш қидириш учун ҳозиргидек онлайн платформалар ҳам, интернет ҳам йўқ эди. Ишга олишларини сўраб, ўзим мурожаат қилганман. «Майли, солиқ бўлимида бўш ўрин бор, ишлаб кўр», дейишган. Албатта, ўша вақтлари солиқ, аудит кабиларни яхши билмасдим.
«Бу соҳага кирганларнинг кўпи 2-3 йилда ишни ташлаб кетади»
— Солиқ, аудит, молиявий консалтинг соҳаси осон эмас, янги ишга кирганларнинг кўпи узоқ вақт ишламай, 2-3 йилда бошқа соҳага ўтиб кетишади. Айниқса ҳозирги ёшларнинг тоқати етмайди: эрталабдан кечгача ишлаш керак.
Мен учун эса бу соҳа жуда қизиқ. Дўстларим бор, шу соҳада ишлаб, кейин хусусий бизнес бошлашган; албатта, уларда қулайлик кўпроқ: ўз вақтларини ўзлари назорат қилишади. Бизда эса соат 9дан 18гача, айрим пайтларда эса кечаси соат 22гача ҳам ишлаймиз.
















