Жамият | 16:01 / 02.04.2021
6436
2 дақиқада ўқилади

«Ишчиларга жой, маҳсулотлар учун омборхона зарур» — чустлик тадбиркор аёл мурожаати жавобсиз қолмоқда

Наманган вилояти Чуст туманида фаолият кўрсатаётган «O‘KTAMJON SERVIS» оилавий корхонаси раҳбари Санобар Тожибоева тумандаги ишчиларга жой етишмаётгани, тайёр маҳсулотлар учун омборхона зарурлиги ҳақида мурожаат қилди.

Дастлаб 2013 йилда 4 нафар ишчи билан иш бошлаган мазкур оилавий корхонада айни дамда мингдан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва улар қўшни давлатлар, Россия ҳамда Беларусь Республикасига экспорт қилиняпти.

2018 йилга келиб оилавий корхонада ишчилар сони 150дан ортди ва экспорт қилинган маҳсулотлар қиймати 2018–2019 йилларда 82 минг долларни ташкил этди.

«Йилдан йилга ишчиларимиз кўпайиб, 2019 йилда қарийб 170 нафарга етди. Ойига 90 минг долларлик маҳсулот экспорт қила бошладик. Фаолиятимиз пандемия пайтида бироз сусайган бўлса-да, жорий йил февралдан бошлаб экспорт салоҳиятимиз яна тикланди. Ҳар ойда 82 мингта маҳсулот чиқарамиз», — дейди Санобар опа.

Бироқ ҳозирги кунда корхонада ишлаётган ходимларга жой етишмаяпти, ишчилар учун ошхона, маҳсулот сақлаш учун омбор ҳам зарур.

Шу мақсадда ўзига қарашли бўлган бино-иншоот атрофидаги бўш турган ҳудуддан ер майдони ажратиб берилиши бўйича бир неча бор маҳаллий ҳокимликка мурожаат қилган, лекин мурожаатлар жавобсиз қолмоқда.

«Аслида сотилаётганда бу бизга қарашли ер эди. Ҳокимлик балансида бўлгани учун бир неча бор хат қилиб чиқдим. Натижа бўлмади. Ҳокимнинг битта қарори билан битадиган масала, лекин нимани кутяптилар, билмайман. Шу ер берилса, яна 80та иш ўрни яратаман, фаолиятимни кенгайтираман. Ишчиларимга ошхона, маҳсулотлар учун омборхона қураман.

Болалар боғчаси ҳам қурар эдим. Чунки корхонамизда асосан аёллар ишлайди, ҳаммасининг боғча ёшидаги болалари бор. Қолаверса, бу ернинг инфратузилмасини яхшилаб олганман, ток ўчмаслиги учун 2 та трансформатор ўрнатиб олганман, — дейди Санобар Тожибоева.

У бу масала бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатига ва президент халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилган, лекин ҳалигача ечимини кутмоқда.

Юлдуз Юлдашева, Kun.uz мухбири
Монтажчи: Боймирза Халилов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид