Жаҳон | 21:11 / 02.04.2021
13425
2 дақиқада ўқилади

Сувайш канали ўзани кенгайтирилиши мумкин

Сувайш канали бошқармаси Ever Given кемаси билан юз берганга ўхшаш ҳодисалар такрорланмаслиги учун канал ўзанини кенгайтириш имкониятини ўрганмоқда. Шу билан бирга, канални чуқурроқ қилишга зарурат йўқ.

“Айни вақтда юз берган авариядан кейин канал ўзанини кенгайтириш имконияти ўрганилмоқда. Контейнер ташувчи кема билан юз берган бахтсиз ҳодиса фавқулодда вазиятлардаги инқироздан чиқиш учун амалий сабоқ бўлди”,- деб айтган канал бошқармаси бошлиғи Усома Роби. 

Аввалроқ Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий канал учун янги буксирлар ва земснарядлар сотиб олиш зарурлигини, бироқ буксирларнинг ўзига ярим миллиард доллар талаб этилишини айтган.

23 март куни “Ever Given” кемаси Сувайшда саёзликка ўтириб қолиб, канал орқали ҳаракатни тўхтатиб қўйганди. Уни 29 март куни саёзликдан чиқаришга муваффақ бўлинган. Шундан кейин каналда ҳаракат тикланган.

Охирги маълумотларга кўра, ҳозирда 200дан кўпроқ кема Сувайш каналига киришни пойлаб турибди. Каналда ҳаракат тиклангандан кейин у орқали 350дан кўпроқ кема ўтган. Аввалроқ канал маъмурияти сув артерияси фаолиятини 3 апрелгача тўлиқ тиклашга ваъда берганди.

Ўртаер денгизи ва Қизил денгизни боғловчи Сувайш каналининг умумий узунлиги 193,3 километрни, чуқурлиги 24 метрни, эни эса 350 метргачани ташкил қилади. Бу ўлчамлар у орқали дунёдаги энг катта кемалар, жумладан, нефт танкерларининг ўтишига ҳам имкон беради. Канал иккита қисмдан иборат бўлиб, унинг шимолий қисмида 2014 йилда асосий ўзанга параллел равишда 72 км.лик қўшимча ўзан қурилиши бошланган. Унинг эвазига кемаларнинг икки томонлама ҳаракатини таъминлашга муваффақ бўлинган. Мисрга 8,2 млрд долларга айланган ушбу лойиҳа 2015 йил августида якунланган. Шунга қарамай, каналда бир томонлама ҳаракатли қисмлар мавжуд.

Мавзуга оид