Жаҳон | 23:12 / 03.04.2021
9668
1 дақиқада ўқилади

Ҳакерлар 500 миллиондан ортиқ Facebook фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини эълон қилишди

Маълумотлар 533 миллион кишининг телефон рақамлари, тўлиқ исмлари, манзиллари, туғилган сана ва биографик маълумотларини ўз ичига олган.

Ҳакерлар махсус форумда 500 миллиондан ортиқ Facebook фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини эълон қилишди. Бу ҳақда Hudson Rock киберхавфсизлик компаниясининг техник директори Элон Гэл Insider нашрига берган интервьюсида айтди.

Маълумотлар 533 миллион кишининг телефон рақамлари, тўлиқ исмлари, манзиллари, туғилган сана ва биографик маълумотларини ўз ичига олган, деб ёзади Insider. Айрим маълумотларда электрон почта манзиллари ҳам берилган.

Нашр ўзига маълум қайдларни солиштириб чиқиш орқали маълумотларнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилган.

Гэлнинг сўзларига кўра, ҳакерлар ушбу маълумотларни биринчи марта эълон қилишмаяпти. Шу йилнинг январида улар маълум бир миқдордаги пул эвазига 533 млн нафар фойдаланувчига тегишли телефон рақамини билишга имкон берувчи Telegram-ботни ишга туширишган.

Элон Гэлнинг билдиришича, 107 мамлакатда яшовчи фойдаланувчиларнинг маълумотлари жойлаштирилган. Энг кўп Тунис, Италия ва Францияда яшовчи фойдаланувчиларга оид маълумотлар берилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид