Катта Фарғона канали қазилишида иштирок этган 109 ёшли Салимахон момо. У нималарни хотирлайди?
Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, «Жўрак» МФЙда 109 ёшли Салимахон ая Юсупова истиқомат қилади. Ая 45 кун ичида қуриб битказилган Катта Фарғона канали бунёд этилишида иштирок этган.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тарихида муҳим ўрин тутувчи Катта Фарғона канали қазилишини Салимахон ая шундай эслайди:
«Қурилишида эркаклар билан тенгма-тенг ишлаганмиз. Кетмон ва белкурак бизнинг асосий иш қуролимиз эди. Канал ичига қозон осиб овқат қилардик.
Тупроқ ортилган этакларни эркаг-у хотин тепаликка олиб чиқар эдик. Тупроқни қопга солиб тепаликка ташиётган одамларнинг кийимлари қоп ишқаланаверганидан йиртилиб кетарди.
Деярли барча хонадондан ҳашарчилар чиққан. Биз — хотин-қизлар узун кўйлакларни кийиб чиқар эдик. Кўйлакларимизнинг этаги оғир меҳнат ортидан титилиб кетарди. Эркаклар қопда, аёллар эса челакда тупроқ таширдик.
Иш кўпайиб кетганида уйга келмай канал ёқасида ётиб қолган кунларимиз ҳам кўп бўлган. Каналда мен билан бирга ишлаган танишларимнинг кўпи оламдан ўтиб кетди.
Ўша кунлари Охунжон қизиқ, Юсуфжон қизиқ, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Мукаррама Турғунбоева каби санъаткорлар келиб, ҳашарчиларнинг кайфиятини кўтариб туришган.
Канал битгач, колхозда 4-5 раиснинг қўлида ишладим», — дея ҳикоя қилди у.
1912 йилда туғилган Ая 5 нафар фарзанд кўрган — 4 ўғил, бир қиз. Бир ўғли оламдан ўтган.
«Бир ўғлим колхозчи, яна бири эса шифокор бўлиб ишлаб, ногирон бўлиб қолди. 20 нафар невара 47 чевара, 4 эварам бор. Улар уйимга келса сиғишмайди кўплигидан», – дейди биз билан суҳбат чоғида Салимахон Юсупова.
Катта Фарғона канали собиқ Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий кенгаши котиби Усмон Юсуповнинг 1939 йил 3 июндаги 896-сонли қарори билан қазилган.
1939 йилнинг август ойида бошланган қазиш ишлари ҳашар йўли билан 45 кунда 270 километр узунликда бунёд этилган.
Умумхалқ ҳашарида Ўзбекистоннинг 200 мингдан зиёд аҳолиси билан бирга қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикасидан келганлар ҳам қатнашган.
Айни пайтда узунлиги 360 км бўлган Катта Фарғона канали Ўзбекистон (283 км), Тожикистон (62 км) ҳамда Қирғизистон (13 км) ҳудудидан ўтади.
Сарвар Зияев тайёрлади.
Мавзуга оид
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
11:00 / 10.12.2024
“Жарроҳнинг ўз қабристони бор” — кардиожарроҳ ҳикояси
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
12:39 / 12.11.2024