Ўзбекистон | 15:03 / 08.04.2021
6223
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 31та янги маҳалла ташкил этилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг АОКАда «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар» мавзусида ўтказилган брифингида вазирлик матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева ҳозирги кунда республикадаги маҳаллалар сони 31тага кўпайиб, 9 199тага етганини маълум қилди.

Саодат Боймирзаеванинг сўзларига кўра, янги ташкил этилган аҳоли мавзелари, шунингдек, мавжуд маҳаллаларда оилалар сонининг ортиши янги маҳаллалар ташкил этилишига сабаб бўлган.

«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва ҳудудий ҳокимликлар томонидан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида янги ташкил этилган аҳоли яшаш мавзелари ҳамда мавжуд маҳаллаларда оилалар ва фуқаролар сонининг кўпайиши натижасида қатор маҳаллалар ташкил этилди.

Жорий йилнинг 15 март санасига кўра, маҳаллалар сони 31тага кўпайиб, республика бўйича жами фуқаролар йиғинлари сони 9 199тага етди. Уларнинг 8 900таси МФЙ, 161таси ОВЙ, 95таси ҚФЙ ва 43таси шаҳарча фуқаролар йиғинларидан иборат», деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева.

Бундан олдин, Тошкент шаҳрида янги маҳаллалар ташкил этилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид