Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туркия ташқи ишлар вазири Эрдўған билан учрашув чоғида Еврокомиссия раисига нима учун курси берилмаганини изоҳлади
Еврокомиссия вакили Эрик Мамер Анқарада комиссия раиси Урсула фон дер Ляйен билан содир бўлган воқеага эътироз билдирганди.
Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу Еврокенгаш раиси Шарл Мишел ва Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйеннинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашуви протокол ва Европа томонининг талабларига мос равишда ўтказилганини айтди.
«Ушбу учрашувда ҳамма нарса халқаро қоидалар ва оддий протоколга мос ҳолда бўлди. Ҳар қандай учрашув олдидан икки томондан протокол ходимлари тўпланади ва тафсилотларни ишлаб чиқади», – деди у.
Аввалроқ Эрдўған ва Европа иттифоқининг икки раҳбари ўртасидаги учрашув вақтида Урсула фон дер Ляйенга ўтириш учун курси берилмаганди. Учрашувдан эълон қилинган видеолавҳада Анқарадаги мажлислар залида Эрдўған ва Европа кенгаши президенти Шарл Мишел зарҳал курсиларга ўтиришгани, бироқ Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен курсилар фақат иккита бўлгани сабабли қаерга ўтиришни билмай туриб қолгани намойиш қилинган.
Шундан сўнг унга Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу ўтирган диваннинг қаршисидаги диванга ўтириш таклиф қилинган.
Еврокомиссия вакили Эрик Мамернинг брифингда таъкидлашича, протокол бундай учрашувларда Еврокенгаш ва Еврокомиссия президентларига бир хилда муносабатда бўлишни талаб қилади.
Европа иттифоқи раҳбарларининг Анқарага сафари Еврокенгашнинг Анқарадаги ваколатхонаси жалб қилинган ҳолда тайёрланган. Бироқ Еврокомиссиянинг протокол департаменти пандемия сабабли сафарда иштирок этмаган.
«Еврокомиссия президенти бундан очиқчасига таажжубланди ва буни видеода кўриш мумкин. Бироқ у таажжубланса ҳам, протокол масалаларига эмас, балки расмий масалаларга эътибор қаратишни афзал билди», – деб айтган Мамер.
Унинг таъкидлашича, Еврокомиссия президенти жамоаси учрашувни ташкиллаштирган турк томонига мурожаат қилиб, нима учун фон дер Ляйенга бошқа жойга ўтириш таклиф қилинганига тушунтириш беришни талаб қилган.
Аммо Le Figaro нашрининг ёзишича, «Европа кенгаши норозилик билдирганларга халқаро протокол бўйича кенгаш раиси комиссиядан юқорироқ туришини эслатиб қўйган».