Жаҳон | 10:15
1276
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия биноларида тинтув ўтказилди

Евроиттифоқ Бош прокуратураси (EPPO) 2024 йилда Еврокомиссиянинг 23 та биноси сотилгани билан боғлиқ иш бўйича тергов олиб бормоқда. Financial Times (FT) маълумотига кўра, ушбу бинолар Белгиянинг суверен фаровонлик фонди — SFPIM томонидан 900 млн евро эвазига сотиб олинган.

Фото: AP

ЕИ Бош прокуратураси (EPPO) Еврокомиссия (ЕК)га нисбатан тергов олиб бормоқда, Белгия полицияси эса Брюсселдаги ЕК биноларида тинтув ишларини ўтказди. Бу ҳақда пайшанба, 12 феврал куни AFP ва dpa агентликлари хабар қилди.

ЕК 2024 йилда Еврокомиссиянинг 23 та биноси сотилгани билан боғлиқ “олиб борилаётган тергов”дан хабардор эканини таъкидлади. “Биз битим тўғри тарзда амалга оширилганига ишонамиз, — дейилади у ерда. — Еврокомиссия маълумотларига кўра, биноларни сотиш белгиланган тартиб-таомиллар ва протоколларга мувофиқ амалга оширилган”. Шунингдек, ЕК тергов билан ҳамкорлик қилаётгани ҳам қайд этилди.

EPPO эса “жорий тергов доирасида далиллар тўпланаётгани”га аниқлик киритди.

Financial Times (FT) газетаси ёзишича, 23 та бино Белгиянинг суверен фаровонлик фонди SFPIM томонидан 900 млн еврога сотиб олинган. ЕКда айтилишича, мазкур сотув Европа кварталини замонавий, жозибадор ва экологик жиҳатдан тозароқ ҳудудга айлантириш имконини беради. ЕК версиясига кўра, очиқ тендер ўтказилган. Еврокомиссия 2030 йилга қадар ўз офис майдонларини 25 фоизга қисқартиришни мақсад қилган.

FT яна аниқлаштиришича, тергов ҳаракатлари бир неча бўлимларда, жумладан ЕКнинг бюджет департаменти биноларида ҳам ўтказилган. Эҳтимолий қоидабузарликлар бюджет бўйича еврокомиссар лавозимини Йоханнес Хан (2019–2024) эгаллаб турган даврда содир бўлган бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид