Жаҳон | 09:35 / 11.04.2021
5561
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда янги конституция бўйича референдум ва маҳаллий сайловлар бўлиб ўтмоқда  

Фото: Sputnik

11 апрелда Қирғизистонда конституциянинг янги таҳрири бўйича референдум ва маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Конституцияга киритиш таклиф қилинаётган ўзгартиришлар орасида бошқарувнинг президентлик шаклини тасдиқлаш ҳам кўзда тутилган

Шу муносабат билан республика ҳудудида соат 8дан 20гача 2483та, хорижда эса 48та сайлов участкаси фаолият олиб боради. 

Қирғизистон марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, конституциявий референдум сайловчилар рўйхатига киритилган жами 3,6 млн фуқаронинг 30 фоиздан кўпроғи иштирок этса, бўлиб ўтган деб топилади. Маҳаллий сайловларда овоз берувчилар давомати бўйича чегара йўқ. 

Маҳаллий ҳокимият органларига сайловларда 420та шаҳар ва қишлоқ кенгашларидаги 7560 ўринга 18772 номзод даъвогарлик қилмоқда.  

Овоз бериш боришини 31та давлат ва халқаро ташкилотлар, жумладан ШҲТ, МДҲ, КХШТдан 183 нафар халқаро кузатувчи назорат қилади.  

Таъкидланишича, янги конституцияни қабул қилиш бўйича референдум тўққизинчиси бўлади. 

Қирғизистон конституцияси 1993 йилда қабул қилинган. Республиканинг биринчи президенти Асқар Ақаев даврида конституцияга асосан президент ваколатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш бўйича 1994, 1996, 1998 ва 2003 йилларда 4та референдум ўтказилган. 

2007 йилда республиканинг иккинчи президенти Курманбек Бакиев конституцияга парламент депутатлари сонини 75 нафардан 90 нафаргача оширишни кўзда тутувчи ўзгартиришларни қабул қилиш бўйича референдум ўтказилишини эълон қилган. 

Қирғизистонда 2010 йилда раҳбарият ўзгаргач, бошқарувнинг президентлик шаклидан президент-парламент шаклига ўтишни ва парламент депутатлари сонини 120 нафаргача оширишни кўзда тутувчи янги конституция қабул қилинган. Шу билан бирга, ўшанда конституцияни ўзгартиришга 10 йиллик мораторий киритилган.  

Бироқ 2016 йилда Алмазбек Атамбоев президентлиги вақтида бош вазир ва парламент ваколатларини кучайтиришни кўзда тутувчи конституцион ўзгартиришлар бўйича яна бир референдум ўтказилган.  

Қирғизистонда конституцияни ўзгартириш бўйича охирги референдум 2021 йилнинг 10 январида муддатдан аввал президент сайловлари билан бирга бўлиб ўтди. Ўшанда 84 фоиз сайловчилар бошқарувнинг президент шаклини қўллаб-қувватлаганди.     

11 апрелда овоз бериш учун қўйилган конституциянинг янги таҳрири мамлакатда бошқарувнинг президент шаклини тасдиқлаш, Халқ қурултойи (Халқ мажлиси) институти киритилиши ҳамда парламент депутатлари сонининг 120 нафардан 90 нафаргача қисқартирилишини кўзда тутади.  

Янги конституцияга кўра, Қирғизистон президенти ўз лавозимини 5 йиллик икки муддатдан кўп эгаллай олмайди. Амалдаги конституцияда эса президент фақатгина бир марта 6 йиллик муддатга сайланиши белгиланган.  

Қирғизистон конституциясининг янги таҳририда ҳукумат структураси ва таркиби президент томонидан белгиланиши, ҳукумат фаолияти президент маъмурияти томонидан таъминланиши кўрсатилган. Бош вазир ўз навбатида президент маъмуриятига раҳбарлик қилади.    

Шунингдек, конституциявий судни Олий суд таркибидан чиқариб, Қирғизистон Конституциявий судини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. 

Мавзуга оид