Жаҳон | 10:19 / 12.04.2021
3545
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда янги конституцияни 80 фоизга яқин сайловчилар қўллаб-қувватлади

Қирғизистонда янги конституция лойиҳаси бўйича ўтказилган референдум натижаларига кўра, унда иштирок этган сайловчиларнинг 79,26 фоизи бош қомусни қўллаб-қувватлади. 

Фото: Reuters

Сайловчиларнинг 1 млн 65 мингдан кўпроғи янги конституция учун овоз берган, 183 мингдан кўпроғи қарши чиққан.

Овоз беришда сайловчиларнинг давомати 37,27 фоизни ташкил қилган ва референдум бўлиб ўтган деб топилган. Республикада ҳаммаси бўлиб 3 млн 606 мингдан кўпроқ одам овоз бериш ҳуқуқига эга.

11 апрелда овоз бериш учун қўйилган конституциянинг янги таҳрири мамлакатда бошқарувнинг президент шаклини тасдиқлаш, Халқ қурултойи (Халқ мажлиси) институти киритилиши ҳамда парламент депутатлари сонининг 120 нафардан 90 нафаргача қисқартирилишини кўзда тутади. 

Янги конституцияга кўра, Қирғизистон президенти ўз лавозимини иккита 5 йиллик муддатдан кўп эгаллай олмайди. Амалдаги конституцияда эса президент фақатгина бир марта 6 йиллик муддатга сайланиши белгиланган. 

Республикада референдум билан бирга маҳаллий ҳокимият органларига сайловлар ҳам бўлиб ўтди. Унда 420та шаҳар ва қишлоқ кенгашларидаги 7560 ўринга 18772 номзод кураш олиб борди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид