Жаҳон | 18:17 / 12.04.2021
2696
2 дақиқада ўқилади

Хитойда коронавирусга қарши вакцинанинг самарадорлиги пастлиги ҳақидаги баёнот рад этилди

Гао Фу эмлаш самарадорлигини ошириш учун турли вакциналардан фойдаланишни таклиф қилганини айтди.

Фото: Xinhua

Хитойнинг касалликлар тарқалишини назорат қилиш маркази директори Гао Фу мамлакатда ишлаб чиқилган вакцинанинг самарадорлиги ҳақидаги баёнотни рад этди. Бу ҳақда Global Times хабар бермоқда.

У ўзининг Хитой вакциналари паст самарадорликка эга эканини «тан олгани» тўғрисида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар буткул англашилмовчилик эканини айтди. Га Фу дунё коронавирусга биринчи марта дуч келгани сабабли ўрганиш керак бўлган кўплаб илмий масалалар борлигини, вакцина борасида эса муаммога шунчаки илмий ёндашувни таклиф қилганини таъкидлади.

«Ечиш лозим бўлган кўплаб илмий масалалар бор», – деди у.

Гао Фунинг сўзларига кўра, бундай хабарлар у вакцина самарадорлигини ошириш учун таклиф этган илмий ёндашувдан чалғитади. У эмлаш самарадорлигини ошириш учун турли вакциналардан фойдаланишни таклиф қилганини айтди.

Аввалроқ The New York Post нашри Гао Фу Хитойда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакциналарнинг самарадорлиги пастлигини тан олгани ҳақида хабар берганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид