Спорт | 16:21 / 12.04.2021
4059
1 дақиқада ўқилади

Японияликларнинг аксарияти Токиодаги Ёзги Олимпиада ўйинлари ўтказилишига қарши экани маълум бўлди

Сўровда қатнашганларнинг 24,5 фоизи ўйинлар ўз вақтида ўтказилишини қўллаб-қувватлаб овоз берган.

Фото: Kyodo News via AP

Япония аҳолисининг кўпчилиги Токиодаги Олимпиада ўйинлари бекор қилиниши ёки ўтказиш муддати кўчирилиши тарафдори. Бу Kyodo агентлиги ўтказган сўровда маълум бўлди.

Респондентларнинг 39,2 фоизи ўйинлар бутунлай бекор қилинишини ёқлаб овоз берган бўлса, 32,8 фоизи Олимпиада муддати кўчирилиши тарафдори эканини билдирган. Ўйинлар ўз вақтида ўтказилишини қўллаб-қувватлаб сўровда қатнашганларнинг 24,5 фоизи овоз берган.

Январда ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 80 фоизи 2021 йилдаги Олимпиада ўйинлари Токиода ўтказилишини салбий баҳолаганди. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 35,3 фоизи мамлакатда ҳар қандай халқаро спорт мусобақалари ўтказилишига қарши эканини маълум қилган.

Токио Олимпиадаси 2020 йил 24 июл — 9 август кунлари ўтказилиши лозим эди, аммо пандемия сабабли мусобақа бир йил кейинга қолдирилганди.

Аввалроқ Токиодаги Олимпиада ўйинларига хорижлик мухлислар киритилмаслиги маълум бўлганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид