13:01 / 13.04.2021
4579

«Бизни ҳам ўйлайдиганлар бор экан» – Самарқандда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларда турли жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларидан иборат гуруҳ айни вақтда «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остидаги саломатлик акцияси доирасида Самарқанд вилоятида бўлиб турибди. Акция доирасида вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож 148 нафар фуқарода турли жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Биргина травматология йўналиши бўйича эндопротез мосламасига эҳтиёжманд бўлган 35 нафар фуқарода жарроҳлик операциялари ўтказилиши белгиланиб, дастлабки амалиётлар бошлаб юборилди.

«2015 йилда йиқилиб, оёғимдан жароҳат олгандим. Аввалига ўтириб-туришда қийналган бўлсам, кейинчалик бировнинг ёрдамисиз ҳатто юролмайдиган бўлиб қолдим. 3 нафар фарзандимнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ўқитиб илмли қилишим керак. Бунинг устига соғлигимдаги бу ўзгариш мени жуда қийнай бошлади. Даволанишимнинг биргина йўли жарроҳлик амалиёти орқали эндопротез мосламасини ўрнатиш эди. Бу мослама чет элдан келтирилар экан ва бу амалиёт учун қўлим калталик қилиб турган эди. Энди ҳеч қачон юролмасам керак, деб ўйлардим», — дейди тайлоқлик 45 ёшли Акбар Очилов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилаётган саломатлик акцияси доирасида шифокорлар беморни барча тиббий кўриклардан ўтказиб, ўнг оёғига эндопротез мосламасини ўрнатишди. Ҳозирда А.Очилов ўзини жуда яхши ҳис этяпти. 

«18-20 йилдан буён оёқларимдаги нуқсон туфайли эркин ҳаёт кечира олмас эдим. Мана «темир дафтар»га киритилиб, давлат ҳимоясига олиндим. Миллионлаб маблағ талаб қилинадиган жарроҳлик амалиётлари ҳам бепул амалга оширилиб, яна қайта оёққа турдим. Шифокорларимизга раҳмат, бир-икки ой ичида тўлиқ тузалишимни айтишмоқда. Яна соғлом ҳаётга қайтаётганимдан хурсандман», — дейди Шоҳида Тўхтаева.

Бу каби беморлар жарроҳлик амалиётларидан сўнг ҳам малакали мутахассислар назоратида бўлиб, соғлиқларини тиклаб олишларига кўмак берилмоқда. Иштихон туманида туғилган 59 ёшли Закия Умирова ҳам кўп йиллардан буён оёқ оғриғидан азоб чекар эди. Йил сайин оғриқ кучайиб, юриш қийинлашиб бораётганди. Унга икки томонлама кўксартироз ташхиси қўйилган.

«Врачлар кўрсатмаси билан зарур муолажаларни олиб юргандим. Аҳволим оғирлашавергач, 2019 йилда ўнг чаноқ сон бўғимида жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлдик. Ҳозир ўнг оёғимда ҳеч қандай муаммо йўқ, бемалол ҳаракатлана оламан. Бироқ чап оёғимни эндопротезлаш жарроҳлик амалиёти учун имкониятим етмасди. Юртимизда шундай хайрли ишлар бошланибди, эшитиб юрардик, мана, ўзимиз ҳам улардан баҳраманд бўляпмиз. Президентимиз эътибори хонадонимизгача кириб келганини ҳис қилиб турибман. Шифокорлар чап чаноқ сон бўғимимда эндопротезлаш жарроҳлик амалиётини ўтказишга тайёрлашмоқда. Яқин кунларда йиллар давомида қийнаб келган дарддан халос бўламан, деб шукроналар қиляпман», — дейди Закия Умирова.

29 ёшли Зулайҳо Алиқуловага сонларнинг туғма чиқиши – «икки томонлама кўксартироз 3 даража» ташхиси қўйилганди, Паст Дарғом туманида яшовчи бу фуқарода ҳам саломатлик акцияси доирасида ўнг чаноқ сон бўғимида тотал эндопротезлаш операцияси ўтказилди.

«Бизни ҳам ўйлайдиганлар бор экан, минг раҳмат, давлатимиз ғамхўрлиги натижасида мен каби имконсиз аҳволдаги беморлар дардига дармон топилмоқда. Мана секин-аста юряпман. Қувончим ичимга сиғмаяпти. Энди мен ҳам барча сингари ўз оёқларим билан, мустақил ҳаракат қиламан. Одамнинг қўли калта бўлса, дарди оғирлашганда кимдан нажот кутишни билмай қоларкан. Дуоларимиз даргоҳига бориб етганига шукр», — дейди Зулайҳо Алиқулова.

Ҳозирга қадар эндопротез мосламасига эҳтиёжманд бўлган 35 нафар фуқародан 13 нафарида жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

«Таъкидлаш жоизки, акция давомида эндопротезлаш амалиётлари билан бирга буйрак трансплантацияси, юракка стент ўрнатиш каби энг мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари тиббий кўрсатмага қараб, вилоят ёки пойтахтимиздаги энг нуфузли тиббиёт муассасаларида бепул амалга оширилиши мўлжалланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Top